АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ва Эрон ўртасида Покистонда ўтаётган музокаралар натижаси уни хавотирга солмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон бу можародан аллақачон ғолиб сифатида чиққан.

“Мен учун келишув тузамизми ёки йўқми, бунинг аҳамияти йўқ. Гап шундаки, биз ғалаба қилдик”, деди Трамп Оқ уй ёнидаги майсазорда журналистларга.

“Биз бу мамлакатни бутунлай тор-мор қилдик”, дея қўшимча қилди у.

Трамп аввалги баёнотларини такрорлаб, АҚШ Эрон ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳарбий-денгиз кучлари ва раҳбариятини йўқ қилганини айтди.

Шунингдек, ҳозир Ҳурмуз бўғози орқали эркин ҳаракатни таъминлаш устида иш олиб борилаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, АҚШ буни “ё қўрқоқ, ё заиф, ё хасис” бўлган давлатлар номидан амалга оширмоқда.

“НАТО бизга ёрдам бермади”, деди у.

АҚШ ва Эрон юқори лавозимли делегациялари ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар Исломободда бугун ҳам давом этади.