АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф душанба куни эрталаб ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, томонлар жума куни Швейцарияда расмий имзолаш маросимини ўтказади.

Орадан кўп ўтмай, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Truth Social тармоғида келишув тўлиқ якунланганини тасдиқлади.

«Эрон Ислом Республикаси билан келишув энди тўлиқ тайёр», — деб ёзди Трамп.

Келишув Исроилнинг якшанба куни Ливан ҳудудига берган зарбаси фонида эълон қилинди. Ушбу ҳужум ҳам Эрон, ҳам Доналд Трамп томонидан танқид қилинди.

Ҳозирча битимнинг тўлиқ матни ошкор қилинмаган. Бироқ Шаҳбоз Шарифнинг айтишича, ҳужжат барча фронтларда, жумладан Ливанда ҳам ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан ва доимий равишда тўхтатишни назарда тутади.

Reuters манбаларига кўра, келишув лойиҳасида Ҳурмуз бўғозини қайта очиш, Эрон портларига қарши АҚШ блокадасини бекор қилиш ва амалдаги ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш каби бандлар мавжуд.

Трамп ўз баёнотида Ҳурмуз бўғози барча кемалар учун «божсиз» очилишини ва АҚШ денгиз блокадаси ҳам тугатилишини маълум қилди.

«Дунё кемалари, моторларни ишга туширинглар. Нефть яна эркин оқсин!» — деб ёзди АҚШ президенти.

Шу билан бирга, Эрон ва АҚШ ўртасидаги келишмовчиликларнинг асосий манбаларидан бири бўлган ядровий дастур масаласи ҳали тўлиқ ҳал этилмаган. Манбаларга кўра, бу мавзуда қўшимча 60 кунлик музокаралар ўтказилади.

Reuters билан суҳбатлашган юқори мартабали эронлик амалдорнинг айтишича, келишув лойиҳасига кўра, АҚШ Эроннинг музлатилган 25 миллиард долларлик активларини озод қилишга розилик билдирган. Эрон эса ядровий қурол ишлаб чиқармаслик ва уни қўлга киритмаслик мажбуриятини олган.

Манбанинг таъкидлашича, якуний келишувгача бўлган даврда Эрон уран бойитишни кенгайтирмаслик ва янги ядровий объектлар қурмасликка ҳам рози бўлган.

Бироқ музокаралар давом этаётган бир пайтда Ливандаги вазият яна кескинлашди. Исроил Байрут жанубидаги ҳужумни Эрон қўллаб-қувватлайдиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи нишонга олингани билан изоҳлади.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги ҳужум учун АҚШни ҳам масъул деб атади. Эрон ҳарбий қўмондонлиги эса мамлакат «кучли жавоб беришга тайёр» эканини билдирди.

Трамп эса Байрутга қилинган ҳужум тинчлик келишувига жуда яқин қолган бир пайтда содир бўлганини таъкидлаб, уни маъқулламаганини маълум қилди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу ҳукумати эса АҚШ–Эрон келишувининг иштирокчиси эмаслигини билдирган. Нетаняҳу ва Трамп ўртасида Ливандаги ҳарбий операциялар масаласида фикр фарқлари сақланиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Исроил ва Эронга яқин ҳисобланган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасидаги тўқнашувлар АҚШ ва Исроилнинг февраль ойида Эронга қарши бошлаган ҳарбий ҳаракатлари ортидан яна кучайган эди.