Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев атрофидаги можаро ортидан агентликнинг собиқ ходими Азизбек Тоштемиров ОАВ вакилларига янги мурожаат билан чиқди.

У ижтимоий тармоқдаги мурожаатида фақат Беҳзод Мусаев эмас, балки агентликнинг аввалги раҳбарларидан бири Афзал Ирматов ишига ҳам эътибор қаратишни сўради.

Тоштемировнинг ёзишича, Афзал Ирматов билан боғлиқ ҳолатлар ҳам қайтадан савол туғдириши мумкин. У “А.Ирматов томонидан содир этилган коррупцион ҳолатлар сиз ўйлагандан анча кўпроқ бўлиши мумкин”, деган иддаони илгари сурган.

Бу гаплар ҳозирча расмий манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Шунинг учун Элтузар ушбу баёнотни тасдиқланган факт сифатида эмас, балки агентлик атрофидаги давом этаётган можаро доирасидаги янги даъво ва жамоатчилик саволи сифатида келтиради.

Афзал Ирматов номи Миграция агентлиги билан боғлиқ жиноий ишларда аввал ҳам тилга олинган. У 2023 йил январь ойида ушланган. Кейинроқ биринчи инстанция суди уни 8 йилга озодликдан маҳрум қилгани хабар қилинган. Бироқ апелляция босқичида жазо жаримага ўзгартирилган, 2025 йил апрелида эса кассация инстанцияси Ирматовни айбсиз деб топиб, реабилитация қилган.

Хўш, миграция тизими атрофида йиллар давомида турли раҳбарлар ва ходимлар иштирокида оғир коррупция иддаолари янграган бўлса, нега бу тизимдаги муаммолар тўлиқ ва очиқ тушунтирилмаяпти?

Азизбек Тоштемиров ўз мурожаатида Беҳзод Мусаев “суд қарорларини ҳам бир тийинга илмайди”, деган кескин даъвони ҳам илгари сурган. Шунингдек, у ўзига нисбатан “подстава” қилинган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Мазкур гаплар жуда жиддий ҳуқуқий баҳони талаб қилади. Агар Тоштемировнинг иддаолари асоссиз бўлса, масъул идоралар буни аниқ далиллар билан рад этиши керак. Агар уларда текширишга арзийдиган жиҳатлар бўлса, унда фақат қуйи бўғин ходимлари эмас, қарор қабул қилган, таъсир ўтказган ва манфаатдор бўлган барча шахслар бўйича очиқ ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.

Миграция агентлиги 20 июнь куни эълон қилган баёнотида раҳбарият ва ходимларга нисбатан тарқатилаётган маълумотларни “асоссиз”, “текширилмаган” ва “бир томонлама талқин қилинган” деб атади. Агентлик ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.

Бироқ агентлик баёнотида жамоатчиликни қизиқтираётган асосий саволларга жавоб бермади. Жумладан, Кореяга ишчи юбориш тизими, хусусий бандлик агентликлари, фуқаролардан йиғилган пуллар, собиқ ходимларнинг баёнотлари, Мусаевга аталган шахсий буюртмалар ва бюджет маблағлари ҳақидаги иддаолар юзасидан лом-мим демади.

Энди Тоштемировнинг янги мурожаати можарони янада кенгайтирмоқда: энди гап фақат бир шахснинг шахсий айбловлари ҳақида эмас, балки Миграция агентлигида йиллар давомида такрорланаётган тизимли ишонч инқирози ҳақида кетмоқда.

Элтузар Беҳзод Мусаев, Афзал Ирматов, Миграция агентлиги, Бош прокуратура, суд органлари ва бошқа масъул идоралардан ушбу ҳолатлар юзасидан очиқ, аниқ ва ҳужжатларга асосланган муносабат кутади. Барча томонларнинг жавобини тўлиқ эълон қилишга тайёрмиз.