ТОШТЕМИРОВ АГЕНТЛИК БАЁНОТИНИ РАД ЭТДИ ВА МУСАЕВНИ ЁЛҒОНДА АЙБЛАДИ
Миграция агентлигининг собиқ ходими Азиз Тоштемиров агентлик баёнотида келтирилган кўчмас мулклар ҳақидаги маълумотларни «туҳмат» деб рад этди ва раҳбар Беҳзод Мусаевни жамоатчиликни чалғитишда айблади.
Миграция агентлигининг собиқ ходими Азиз Тоштемиров агентликнинг ўзи ва яқинлари номидаги кўчмас мулклар ҳақида тарқатган баёнотини рад этди. У ўз телеграм каналидаги чиқишида маълумотларни «туҳмат» деб атаб, агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевни жамоатчиликни чалғитишга уринишда айблади.
Тоштемировнинг айтишича, у агентлик баёнотида тилга олинган Piramit Tower турар жой мажмуасида яшамайди ва у ерда унинг хонадонлари йўқ.
У ўзининг бошқа турар жойда истиқомат қилишини, мазкур хонадонни эса 2020 йил май ойида – Миграция агентлигига ишга киришидан аввал сотиб олганини билдирди.
Тоштемиров буни тасдиқловчи олди-сотди шартномаси мавжудлигини айтган, аммо ҳозирча ҳужжатнинг тўлиқ нусхасини очиқламаган.
Агентлик баёнотида Андижон вилояти Улуғнор туманидаги 1 200 квадрат метр ер майдонига эга ҳовли ҳам Тоштемировнинг кейинги йилларда орттирган мулклари қаторида тилга олинган эди.
Тоштемиров эса мазкур уй унинг болалиги ўтган ота ҳовлиси эканини, отаси кейинчалик уни унинг номига расмийлаштириб берганини маълум қилди.
Собиқ мулозим агентликни унинг оила аъзоларини можарога аралаштиргани учун танқид қилди. У шу вақтга қадар Беҳзод Мусаевнинг оиласи ҳақида гапирмаганини, оила масаласини «муқаддас чегара» деб ҳисоблашини таъкидлади.
Шу билан бирга, Тоштемиров Мусаевнинг ўғлига оид маълум далиллар ва гувоҳлар борлигини иддао қилди. У ушбу материалларни расмий идораларга тақдим этиш ёки жамоатчиликка ошкор қилиш масаласини кўтарди.
Бироқ у қандай далиллар ҳақида гапираётгани, улар қайси эҳтимолий қонунбузарликка алоқадор экани ва тегишли идораларга материаллар тақдим этилган-этилмаганини очиқламади.
Тоштемиров, шунингдек, Беҳзод Мусаевга нисбатан жиноят иши очилганини даъво қилди. Ҳозирча мазкур иддао ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расман тасдиқлангани маълум эмас.
Миграция агентлиги 6 август куни тарқатган баёнотида Тоштемиров ва унинг яқинлари номига расмийлаштирилган кўчмас мулклар қиймати камида 1,5 миллион доллар эканини билдирган эди. Агентлик уни Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема фигуранти ва халқаро қидирувдаги шахс деб атаган.
Тоштемиров эса бу даъволарнинг камида бир қисмини инкор этмоқда ва мулклар келиб чиқишини ҳужжатлар билан исботлашини билдирмоқда.
Айни пайтда Миграция агентлиги Тоштемировнинг янги баёнотига муносабат билдиргани йўқ. Элтузар ҳар икки томон илгари сураётган иддаоларни мустақил равишда тасдиқлаш имконига эга эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг