Миграция агентлиги собиқ ходими Азиз Тоштемировнинг Корея Республикасига ишга юбориш тизимида 90 миллион долларлик коррупцион схема бўлгани ҳақидаги чиқишларига расмий муносабат билдирди. Агентлик Тоштемировни халқаро қидирувдаги шахс ва эҳтимолий коррупцион схема фигуранти деб атаб, унинг даромадлари ҳамда мол-мулклари ўртасида катта тафовут борлигини иддао қилди.

Бироқ катта ҳажмдаги баёнотда Тоштемиров кўтарган асосий савол – 90 миллион долларлик эҳтимолий схема қандай ишлагани, пул кимлар томонидан олингани ва қаерга йўналтирилгани ҳақида батафсил маълумот берилмади.

Азиз Тоштемиров сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидаги эҳтимолий коррупция, мансаб суиистеъмоли, «ўлик жонлар», ишга қабул қилиш ва Кореяга фуқароларни юбориш жараёнларидаги қонунбузилишлар ҳақида қатор маълумотларни тарқатган эди.

Элтузар ҳам унинг тақдим этган маълумотлари асосида бир нечта мақола ва хабарлар эълон қилди. Уларда агентлик тизимида амалда ишламаган шахсларга иш ҳақи тўлангани, айрим ходимларнинг қисқа вақт ичида катта миқдорда пул олгани ва Кореяга ишга юбориш жараёнида манфаатдор гуруҳлар шаклланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаолар ёритилди.

6 август куни эълон қилинган расмий баёнотда Миграция агентлиги Тоштемиров тарқатаётган маълумотларни «норасмий ва ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайдиган» деб баҳолади.

Агентликнинг билдиришича, Азиз Тоштемиров 2020–2025 йиллар давомида миграция тизимида турли лавозимларда ишлаган. Унинг мазкур даврдаги жами иш ҳақи 1 миллиард 833 миллион сўм ёки тахминан 153 минг доллар бўлган.

Баёнотда Тоштемиров ва унинг яқинлари номига расмийлаштирилган кўчмас мулклар қиймати унинг қонуний даромадидан бир неча баробар юқори экани даъво қилинди.

Агентлик маълумотига кўра, 2023–2025 йилларда Тоштемиров, унинг онаси ва турмуш ўртоғи номига камида еттита кўчмас мулк объекти харид қилинган.

Улар орасида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги «Piramit Tower» турар жой мажмуасидан олинган иккита хонадон, Андижон вилояти Улуғнор туманидаги 1 200 квадрат метр ер майдонига эга ҳовли ҳамда Чилонзор туманидаги тўртта квартира борлиги айтилмоқда.

Агентлик ушбу мулкларнинг умумий қийматини камида 1,5 миллион доллар ёки 19 миллиард сўм деб баҳолаган. Бироқ баёнотда бу ҳисоб-китоб қандай усулда амалга оширилгани, мулкларнинг харид шартномалари, кадастр қиймати ёки бозор нархлари каби тасдиқловчи ҳужжатлар очиқланмаган.

Расмий муносабатда Тоштемировнинг халқаро қидирувда экани бир неча бор таъкидланди. Агентлик уни Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ «улкан коррупцион схема фигуранти» деб атади.

Шу билан бирга, унга нисбатан айнан қайси жиноят иши доирасида қандай айблов қўйилгани, қидирув қачон ва қайси орган қарори билан эълон қилингани ҳамда Интерполнинг очиқ базасидаги тегишли маълумотлар келтирилмади.

Агентлик 2022–2025 йиллар давомида Корея Республикасига ишга юбориш жараёнларидаги эҳтимолий қонунбузилишлар бўйича мингга яқин мурожаат келиб тушганини билдирди. Уларнинг бир қисмида бевосита Тоштемировнинг фаолиятига оид шикоятлар бўлгани айтилди.

Ҳуқуқий баҳо талаб қиладиган материаллар ваколатли органларга юборилгани таъкидланган бўлса-да, мурожаатларнинг нечтаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани, қанчаси ўз тасдиғини топгани ёки рад этилгани маълум қилинмади.

Агентликнинг қайд этишича, 2024 йил октябрда тизим қайта ташкил этилганидан сўнг Кореяга ишга юбориш тартиби ўзгартирилган. 2025 йилда EPS-TOPIK имтиҳонлари ўтказилмаган, 2026 йилдан эса тестлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги базасида ташкил этила бошланган.

Расмий баёнотда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ва коррупция ҳолатларини фош этаётгани ҳам тилга олинди. Агентлик бу ҳолатларни аввалги йилларда соҳада жиддий тизимли муаммолар мавжуд бўлганининг далили сифатида кўрсатди.

Баёнот охирида 90 миллион долларлик коррупцион схема бўйича суд жараёнлари бошлангани айтилди. Аммо суд қаерда ўтаётгани, иш бўйича айбланувчилар кимлиги, 90 миллион доллар миқдори қандай ҳисоблангани ва Тоштемировнинг мазкур ишдаги процессуал мақомига аниқлик киритилмади.

Шу тариқа, Миграция агентлиги Тоштемировнинг шахси, мол-мулки ва унга нисбатан илгари сурилаётган гумонларга кенг ўрин ажратди. Бироқ у кўтарган агентликдаги «ўлик жонлар», ишга қабул қилишдаги эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ва 90 миллион долларлик схема ҳақидаги асосий даъволарнинг ҳар бирига алоҳида, ҳужжатлар билан асосланган жавоб бермади.

Айни пайтда Тоштемировнинг ўзи ҳам агентликнинг унинг мол-мулки, даромадлари ва қидирувда экани ҳақидаги даъволарига очиқ ҳужжатлар билан жавоб бериши керак.

Ҳозирча ҳар икки томон жиддий айбловларни илгари сурмоқда. Аммо жамоатчилик учун энг муҳим саволлар ҳамон очиқ: 90 миллион долларлик схема ҳақиқатан мавжуд бўлганми, унда кимлар иштирок этган, давлат ва фуқароларга қанча зарар етказилган ҳамда бу пуллар қаерга кетган?

Элтузар Миграция агентлиги ва Азиз Тоштемиров томонидан илгари сурилган даъволарнинг барчасини мустақил равишда тасдиқлаш имконига эга эмас. Мазкур ҳолатларга якуний ҳуқуқий баҳо тергов ва суд органлари томонидан берилиши лозим.