ТОШЛОҚЛИК БАНГИ ОҒИР ЖАЗО НАСИБАСИНИ ОЛДИ
Тошлоқ туманида фуқаро Х.Э. профилактик тадбир пайтида кийим чўнтагидан гашиш топилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Суд uni 20,95 грамм гиёҳванд модда сақлагани учун 3 йил манзил колониясида озодликдан маҳрум этди.
Фарғона вилояти Тошлоқ туманида фуқаро Х. Э. 2 март куни Тошлоқ тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбир давомида шубҳали ҳаракатлари сабабли текширилди.
Текширув вақтида унинг кийими чўнтагидан гиёҳвандлик воситаси бўлган гашиш топилди.
Суд-кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда — тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, у гашиш экани ва унинг соф оғирлиги 20,95 граммни ташкил этиши тасдиқланди.
Шунингдек, суд-наркология экспертизасида судланувчининг гашиш истеъмол қилиши аниқланган бўлса-да, у гиёҳвандлик касаллигига чалинмагани ва мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги қайд этилди.
Х.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жазо манзил колонияда ўталиши белгиланиб, уни ўташ муддати 2026 йил 1 июндан ҳисобланади. Судланувчига нисбатан қўлланилган гаров эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залининг ўзида қамоққа олинди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг