Тошкент шаҳар судлари тизимида меҳнат низоларига ихтисослашган судьялар фаолиятини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда юрист ва блогерлар билан бўлган учрашувда Тошкент шаҳар судлари раиси Олимжон Исмоилов маълум қилган.

Маълум бўлишича, меҳнат низолари бўйича алоҳида ихтисослашган судьялар фаолиятини ташкил этиш ташаббуси Олий суд раҳбарияти даражасида ҳам кўриб чиқилмоқда.

Илк босқичда бу судни тажриба тариқасида пойтахт фуқаролик судларида жорий этиш режалаштирилган.

Мутахассисларга кўра, ушбу ташаббус меҳнат соҳасидаги суд ишлари сифатини ошириш, қарорларда ягона суд амалиётини шакллантириш ва ишчи ҳамда иш берувчи ўртасидаги низоларни чуқурроқ ҳуқуқий ёндашув асосида кўриб чиқиш имконини беради.

Сўнгги йилларда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ низолар сони ортиб бораётгани кузатиляпти. Айниқса, ноқонуний ишдан бўшатиш, ойлик маошлар, компенсация ва меҳнат шартномаларига оид даъволар фуқаролик судларидаги энг кўп учрайдиган ишлардан бирига айланган.

Шу боис, соҳада ихтисослашган судьялар институтини жорий этиш ҳуқуқий тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ҳозирча ташаббус юзасидан аниқ расмий қарор қабул қилинмаган. Аммо бу йўналишда амалий ишлар бошланиши меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси учун муҳим қадам бўлиши мумкин.