Тошкент вилоятида мактаб директори ўқувчи қизга нисбатан шилқимлик қилгани учун жавобгарликка тортилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, воқеа Ўртачирчиқ туманида содир бўлган. 39 ёшли эркак умумтаълим муассасаларидан бирида директор лавозимида ишлаган. Аниқланишича, у 16 ва 17-апрел кунлари вояга етмаган ўқувчи қизга Телеграм мессенжери орқали шаҳвоний мазмундаги хабарлар юборган.

Суд мажлисида директор ўз айбига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирди ва ушбу хабарларни «тарбиявий мақсадларда» ёзганини иддао қилган.  Ўқувчининг қонуний вакили эса у эгаллаб турган лавозимига нолойиқ эканини айтиб, унга нисбатан оғирроқ жазо чорасини қўллашни сўради.

Ўртачирчиқ тумани судининг қарори билан эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда боғча директори 6 ёшли қизчага нисбатан уяциз ҳаракатлар содир этганди. Маст ҳолатда бўлган 54 ёшли эркак болага порнографик видео ва ўз жинсий аъзосини кўрсатган, сўнгра қизнинг ота-онасига сукут сақлашлари эвазига пул таклиф қилган.