ЎЗБЕКИСТОНДА НУФУЗЛИ АВТОМОБИЛЬ БРЕНДИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
«Янги авлод» саноат зонасида JAC Motors Toshkent қўшма корхонаси ишга туширилиб, Ўзбекистонда JAC M3 автомобилларини йиғиш бошланди. Лойиҳа қиймати 135 млн доллар бўлиб, келгусида қатор моделлар ва электромобиллар ишлаб чиқарилади.
«Янги авлод» махсус саноат зонасида «JAC Motors Toshkent» қўшма корхонаси очилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Корхонада JAC брендининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши бошланган илк модели — JAC M3 автомобилини йиғиш линияси расман ишга туширилди.
Заводда Хитой билан ҳамкорликда ички ёнув двигателли, гибрид автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқарилади.
Лойиҳа қиймати 135 млн АҚШ долларини ташкил этади. Умумий майдони 30 гектар бўлган корхона икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда 35 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, йиллик 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга SKD заводи ишга туширилди. Шунингдек, 100 та янги иш ўрни яратилди.
Иккинчи босқичда тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга CKD заводини барпо этиш, йиллик қувватни 30 минг дона автомобилга етказиш ва қарийб 1000 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Келгусида Тошкентда JAC M3, Sunray, JS8, RF8, T8 ва T9 моделларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг