ТОШКЕНТДА ИЛК “СПОРТ БЕКАТИ” ОЧИЛДИ
Тошкентда Сергели туманидаги жамоат транспорти бекати ҳудудида илк «спорт бекати» ташкил этилди. Воркаут майдончаси аҳолига бекатда кутиш вақтини жисмоний машқлар билан мазмунли ўтказиш имконини беради.
Пойтахт аҳолисининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳрида илк «спорт бекати» ташкил этилди. Янги лойиҳа Сергели туманидаги автомобиль бозори яқинида жойлашган жамоат транспорти бекати ҳудудида амалга оширилди.
Мазкур бекатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у ерда воркаут майдончаси ташкил қилиниб, аҳолига кутиш вақтидан унумли фойдаланиш имконияти яратилди. Бекатга ўрнатилган спорт анжомлари орқали ёшлар ва катталар турли жисмоний машқларни бажаришлари мумкин.
Лойиҳанинг асосий афзалликлари: аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, кун давомида жисмоний фаолликни оширишга хизмат қилади, Ёшларни спортга жалб этиш имкониятларини кенгайтиради, бекатда кутиш вақтини мазмунли ва фойдали ўтказиш имконини беради, воркаут машқлари орқали инсон саломатлиги, мушаклар фаолияти ва умумий жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда дунёнинг бир қатор шаҳарларида жамоат жойларида спорт инфратузилмасини ташкил этиш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Энди бундай тажриба Тошкентда ҳам йўлга қўйилиб, шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам босқичма-босқич «спорт бекатлари»ни ташкил этиш режалаштирилган.
Бу ташаббус шаҳар муҳитини янада замонавий ва аҳоли учун қулай қилиш, шунингдек, спортни ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Келгусида бундай спорт бекатларининг кўпайиши жамоатчилик орасида соғлом ҳаёт тарзини қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг