ТОШКЕНТДА БИР АСР ХИЗМАТ ҚИЛИШИ АЙТИЛГАН ЙЎЛ ЎТКАЗГИЧ 2 ЙИЛГА ЕТМАЙ ЎПИРИЛИБ ТУШДИ
Тошкентда 100 йил хизмат қилиши айтилган, 128,6 млрд сўмлик йўл ўтказгич қисман ўпирилиб тушди. Ҳодиса сабаблари, қурилиш сифати ва дренаж тизими мутахассислар томонидан атрофлича текширилмоқда.
Темур Малик кўчаси ва Буюк Ипак йўли кўчаси чорраҳасида жойлашган йўл ўтказгичнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Ушбу иншоот 2024 йил август ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, унинг қурилишига 128,6 млрд сўм маблағ сарфланган эди.
Маълумотларга кўра, йўл ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йилга мўлжаллангани айтилган. Бироқ орадан қарийб икки йил ҳам ўтмасдан, иншоотнинг бир қисмида ўпирилиш содир бўлди. Ҳодиса жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Элтузарга келган маълумотларга кўра, ҳодиса жойига Тошкент шаҳар ҳокими, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассислар етиб бориб, вазиятни ўрганишни бошлади. Ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, транспорт ҳаракати вақтинча чекланди.
Шаҳар ҳокимиятининг дастлабки изоҳига кўра, ҳодисага кучли ёғингарчилик сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, мутахассислар томонидан лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ишларининг сифати, шунингдек дренаж ва сув чиқариш тизимининг ҳолати атрофлича текширилмоқда.
Текширув натижаларига кўра, воқеага аниқ нима сабаб бўлгани ва масъуллар ҳақида қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг