Сўнгги ойларда Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари транспорт инфратузилмасидаги бир қатор муаммолардан норози бўлмоқда. Айниқса, ишламай қолган светофорлар, ноқулайл автобус бекатлари ва амалга ошмай қолган ваъдалар жамоатчилик муҳокамасининг асосий мавзусига айланиб бормоқда.

Пойтахтда светофорларнинг ишдан чиқиши ёки носоз ишлаши нафақат тирбандликларни кучайтирмоқда, балки йўл-транспорт ҳодисалари хавфини ҳам оширмоқда. Шу билан бирга, расмийлар 2026 йилдан бошлаб интеллектуал транспорт тизими ва “ақлли” светофорларни жорий этиш орқали ҳаракатни самарали бошқариш режалаштирилганини маълум қилганди. Янги тизим транспорт оқимини таҳлил қилиб, тирбандликларни камайтириши кутилмоқда. Аммо ҳали кўринарли натижа бермади.

Бироқ шаҳар аҳолиси учун бугунги кунда келажакдаги лойиҳалардан кўра, мавжуд светофорларнинг барқарор ишлашини муҳим. Чунки ҳар бир носоз чорраҳа юзлаб ҳайдовчилар ва пиёдалар учун хавф манбаи бўлиб қолмоқда.

Яна бир долзарб муаммо — автобус бекатларининг аҳволи. Кейинги йилларда шаҳар бўйлаб кўплаб шишали ва замонавий кўринишдаги бекатлар ўрнатилди. Аммо ёзнинг жазирама иссиғида бундай бекатларда автобус кутиш анча мушкул. Шиша конструкциялар қуёш нурини ўтказиб, бекат ичида ҳароратни янада оширади. Аҳоли орасида кондиционерли ёки совутиш тизимига эга бекатлар етишмаслиги ҳақида эътирозлар кўп. Аввалги сўровларда ҳам йўловчилар айрим бекатларда ўтиргичлар йўқлиги, мавжуд кондиционерлар эса ишламаслигини таъкидлаган.

Транспорт соҳасидаги яна бир зиддиятли ҳолат автобусларда кондиционерлар масаласи. Ижтимоий тармоқларда йўловчиларнинг кўплаб шикоятларидан кейин “Тошшаҳартрансхизмат” ташқи ҳаво ҳарорати +28°C дан юқори бўлганда автобусларда кондиционерлар мажбурий ишлатилиши лозимлигини маълум қилди. Шунингдек, кондиционери носоз автобуслар йўналишга чиқарилмаслиги ваъда қилинган.

Бекатлар масаласида ҳам катта режалар эълон қилинган эди. Тошкент ҳокимлиги янги авлод автобус бекатлари мультимедиа тизимлари, кузатув камералари ва қўшимча қулайликлар билан жиҳозланишини маълум қилган. Шунингдек, 2026 йил бошида шаҳарда 360 дан ортиқ бекат инвентаризация қилингани ва уларни янгилаш ишлари бошлангани айтилган.

Аммо шаҳар аҳолиси учун асосий савол ҳамон очиқ қолмоқда: эълон қилинган замонавий бекатлар қачон ҳақиқатан ҳам қулай, салқин ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган инфратузилмага айланади?

Тошкент Марказий Осиёдаги энг йирик мегаполислардан бири сифатида нафақат замонавий бинолар, балки аҳоли учун қулай ва хавфсиз транспорт муҳитини ҳам таъминлаши керак. Светофорлар узлуксиз ишлаши, бекатлар эса инсонларни иссиқдан ҳимоя қилиши лозим. Акс ҳолда “замонавий шаҳар” шунчаки баландпарвоз гап бўлиб қолаверади. Каттаконлар ҳам бекатларда соатлаб турса, оддий халқ минадиган диққагафас автобусларда юриб жабр кўрса эди тезроқ муаммолар ҳал бўлар эдими?!