Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг юртимизга ташрифини кузатар эканмиз бундан 10 йил олдин 115 йиллик тарихга эга Тошкент трамвайининг йўқ қилинганлиги эсга тушади. Тошкент трамвайининг йўқ қилинишини сўнгги 10 йилликнинг энг ёмон лойиҳаси деб баҳолаймиз.
Тошкент шаҳрида трамвай тармоғининг тарихи 1901 йилда отлар орқали ҳаракатлантириладиган трамвайнинг йўлга қўйилишидан бошланади. 1912 йилда эса Тошкент шаҳрида электр токига асосланган биринчи трамвайлар ҳаракатланган, кейинчалик Марказий Осиёдаги энг йирик тармоққа айланган. Эсимда бор, 1983 йилда ҳарбий хизматга кетишимда ҳарбий йиғин жойига Чехиянинг янги Татра трамвайида борганман.

2016 йил 2 май куни Марказий Осиёдаги қадимий ва жуда катта тармоққа эга бўлган енгил рельсли жамоат транспорт тизими, ўз-ўзидан йирик трамвай таъмирлаш заводи ва 3та трамвай деполари ҳам ўз ишини тўхтатди. Ўша вақтда Тошкент шаҳар ҳокими бўлган Рахмонбек Усмонов ушбу қарорни шаҳарда авторанспорт воситаларининг сони ўсганлиги, трамвай маршрутларининг самарасиз фаолияти ва авторанспорт воситаларининг ҳаракатига тўсиқ бўлаётганлиги билан асослаган.

Бу хизмат автотранспортида юриб, трамвай минмайдиганларнинг қарори эди.
Бу электр транспорт воситасини хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, сақлаб қолиш юзасидан шаҳар аҳолиси, фаоллар, туризм мутахассислари, тарихчи олимларнинг чақириқларига қулоқ солинмади.

“Кенг” кўчаларнинг кетидан қувганлар трамвай йўлларни асфальтлаб ташлашди, инфраструктурани йўқ қилишди. Ўрнига дизелли, кейинчалик газли автобуслар келди ва бошқа транспорт воситалари билан “пробка”ларни яратди. Шаҳар ҳавосини янада ёмонлаштирди. Тез ёрдам, ёнғинни ўчириш каби махсус хизматлар ҳам “пробка”нинг ичида туриб қолди. Йўлларни кенгайтириш пробкани камайтирмаслиги маълум бўлди.

Афсонавий, тарихий ва асори-атиқа даражасига етган трамвайларни соғинамиз. Кенг кабинетларда ўтирганлар ва хизмат автотранспортида юрганлардан Тошкент шаҳрида кичикроқ бўлсада, трамвай йўналишларини барпо этишни сўраб қоламиз.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров