Яқин кунларда Тошкент шаҳри осмонида «Avion» авиакомпаниясининг №545 лаборатория ҳаво кемаси турли йўналишларда ва одатдагидан фарқли маневрлар билан парвоз қилиши мумкин. Бу аҳолида қизиқиш ёки хавотир уйғотиши табиий. Бироқ мазкур парвозлар фавқулодда ҳолат эмас, балки авиация хавфсизлигини таъминлашга қаратилган режали техник текширув ҳисобланади.

«Ўзаэронавигация» маълумотига кўра, текширувлар ICAO талаблари ва Ўзбекистон фуқаро авиацияси меъёрлари асосида амалга оширилади. Лаборатория ҳаво кемаси ёрдамида радиотехник воситаларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади. AVION авиакомпанияси айнан аэродромларнинг радиотехник ҳамда ёруғлик-сигнал ускуналарини текшириш ва калибровка қилишга ихтисослашган. 

Нега самолёт бир жой устида қайта-қайта айланади?

Текширув жараёнида ҳаво кемаси тахминан 1 минг метр баландликда турли траекториялар бўйича ҳаракатланиши ва маълум бир ҳудуд устидан бир неча марта учиб ўтиши мумкин. Бу махсус ўлчов ва назорат ишларини бажариш учун зарур. Шу сабабли парвоз одатий йўловчи самолёти рейсидан фарқ қилиши табиий.

Бу амалиёт қатор қулайликлар келтиради. Масалан, адионавигация тизимларининг ишончлилиги текширилади, самолётларни бошқаришда қўлланиладиган радиотехник воситаларнинг аниқлиги баҳоланади, парвозлар хавфсизлиги ва мунтазамлигини таъминлашга хизмат қилади, техник носозликлар юзага келишидан олдин аниқланиши мумкин, авиация инфратузилмасининг халқаро ICAO талабларига мувофиқлиги назорат қилинади.

Айниқса, Ўзбекистонда AVION каби махсус авиация йўналишининг йўлга қўйилгани аэродром инфратузилмасини техник назорат қилиш имкониятларини оширади. Компания учун асосий вазифалардан бири — навигация воситалари ва ёруғлик-сигнал тизимларини текшириш ҳамда калибровка қилишдир. 

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент осмонида кўриниши мумкин бўлган лаборатория ҳаво кемасининг ғайриоддий маневрлари хавф белгиси эмас. Аксинча, бу самолётлар хавфсиз учиши учун ердаги ва ҳаводаги навигация тизимларининг ишончли ишлашини таъминлашга қаратилган профилактик назорат жараёнидир.