ҲАДЕМАЙ ҒОРГА АЙЛАНИБ ҚОЛИШИ МУМКИН
Тошкент метроси Марказий Осиёдаги энг қадимий ва бетакрор безакли метрополитен ҳисобланади. Аммо охирги йилларда дидсиз реклама ва таъмирлаш ишлари тарихий бекатларга катта зарар етказмоқда, муаллиф метрони UNESCO ҳимоясига олиш лозимлигини айтмоқда.
Мен ўзимга қулай бўлгани учун Тошкент метросидан фойдаланиб тураман. Анча ривожланиш бўлди, буни айтмасак, бўлмас.
Тошкент метрополитени Марказий Осиёда биринчи қурилган, 1977 йилда ишга туширилган. У 4 та йўналиш ва 50 та бекатдан иборат бўлган тезкор шаҳар транспорт экотизимидир. 2023 йил май ойи ҳолатига кўра, Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 67,2 километрдан иборатдир. Тошкент метрополитени ўзининг бетакрор дизайни билан ажралиб туради, айниқса, дастлаб қурилган икки йўналишлардаги бекатларни безашда мармар, сопол кошин, ганчкорлик, метал чеканка ишлатилганлиги сабабли янада гўзал тус олган. Бу бекат комплекслари ҳар бирининг нархи бир неча юз миллион доллар деб баҳоланади. Тошкент метрополитени хорижий сайёҳлар ўртасида энг кўп кўриладиган масканлардан биридир.
Лекин, метро фаолиятида ҳам дилни хира қиладиган айрим ҳолатлар бор, буларни ҳам айтмасак бўлмас.
Тошкент метрополитени тахминан 2015 йиллардан бошлаб “болта чархлайдиган” технарлар қўлига ўтиб қолганидан кейин безакларига зарар етказилиб бошланди. Пул топиш илинжида бекатлар ва ер ости йўлакларига дидсиз реклама баннерлари жойлаштирилиб, уларни илиш давомида мармар безаклар тешиб ташланди, дарз кетди, ёриқлар пайдо бўлди. Хуллас, мармар безакларнинг бутунлиги йўқолди, тиклаб бўлмас ҳолга келди. Метрополитен гарчи, акциядорлик жамияти бўлсада, халқ мулкидир. Ҳой тўхтанг, уйингизда бундай қилмайсизку, деб ҳайқиргинг келади. Ким тўхтатади буларни?
Зудлик билан чоралар кўрилмаса, булар Тошкент метрополтенини ҳадемай ғорга айлантириб қўйиши мумкин. Ягона чора сифатида дастлаб қурилган икки йўналишларидаги барча бекатларини ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси ёки маданий мерос объектлари миллий рўйхатига зудлик билан киритиш чораларини кўриш керак. Бундан бошқа чора йўқ.
Ёққан ва музлаб қолган қорни ғор одами тош билан уриб тозалаган. Тошкентнинг қоқ маркази бўлган, “Халқлар Дўстлиги” майдони метро бекатидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб шаҳар ҳокимлигига қараб чиқиб борар экансиз зинадаги бирорта марамар плитка бутун қолмаганига, ночор аҳволдалигига амин бўласиз.
Метрополтеннинг дастлабки икки йўналишларидаги бекатларини хорижий ташқи аудитор жалб қилган ҳолда умумий ҳолатини ва келтирилган зарарни баҳолатиш зарур. Келтирилган зарарни амалдорлар қопласин.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг