Тошкент вилояти малака ошириш марказида 7 нафар профессор-ўқитувчига сўнгги 3 ой давомида ойлик маош тўлиқ тўланмагани ҳақида Элтузарга мурожаатлар келиб тушмоқда. маълумотлар юзага чиқди. Бу ҳолат муассаса ичидаги молиявий ва ташкилий муаммолар жиддий тус олганини кўрсатмоқда.

Маълумотларга кўра, марказ раҳбарияти маош ололмаётган ходимлар жим туришлари учун босим ўтказмоқда.

«Марказда штат бирликлари нотўғри тақсимланган. Йиллик тақсимот ҳужжатларини масъул ходим шакллантирган. Шу ҳисоб-китобдаги хатолар сабаб ойликлар чиқмаяпти» – дейди ходимлар.

Ишлаб юрган ўқитувчиларга ойлик чиқмаётган бир пайтда “ўлик жонлар” – яъни амалда ишга келмайдиган, лекин расман ишда кўрсатилиб, маош оладиган ходимлар мавжудлиги ҳақида жиддий иддаолар бор.

Жумладан, методист лавозимига қабул қилинган айрим шахслар ишга келмаса ҳам ойлик ва устамалар олиб келаётгани айтилмоқда.

Давлат маблағининг самарасиз ва ноқонуний сарфланаётганидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Меҳнат ва бандлик вазирлиги хабардорми? Ҳозирга қадар расмий тафтишлар бошланмаган. Молиявий жиноятнинг кўлами ортишини кутамизми?