«ЎЗ ХОҲИШИ»МИ ЁКИ БОСИМ?
Тошкент вилояти малака ошириш институти жамоаси таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга мурожаат қилиб, директор Тимур Калмуратов томонидан ходимларга босим, ишдан бўшатиш таҳдидлари ва кадрлар сиёсатидаги баҳсли қарорлар бўлаётганини иддао қилмоқда.
Тошкент вилояти малака ошириш институти жамоаси номидан йўлланган мурожаатда раҳбар Тимур Калмуратов ходимларга босим ўтказаётгани, тўрт нафар мутахассис ва ўқитувчининг ишдан кетиши «ўз хоҳишига кўра» деб расмийлаштирилган. Мурожаатчилар янги тайинланган таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовдан муассасадаги вазиятни ўрганишни сўраган.
Мурожаатдаги асосий шикоят – раҳбариятни танқид қилган ходимларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинаётгани. Муаллифларнинг билдиришича, директор ўзи ва унга яқин ходимлар ҳақида гапирганларни «ғийбатчилик» ва «обрўсизлантириш»да айблаб, 102 рақамига қўнғироқ қилишини ҳамда ишдан бўшатишини айтиб келган.
Мурожаатчилар тўрт ходимнинг кетиши ортида ҳам босим бўлганини даъво қилмоқда.
Шикоятда кадрлар сиёсатига ҳам эътироз билдирилган. Муаллифларга кўра, Калмуратов «ислоҳот» номи остида айрим ўқитувчиларни ишдан олиш чораларини кўрмоқда, бўш иш ўринларига эса малака талабларига мос келмайдиган кадрлар қабул қилинмоқда.
Раҳбарнинг йил давомида сафарларда ва касаллик варақасида кўп бўлгани ҳам мурожаатда танқид қилинган.
Мурожаатда Хушнамо Бурхонхўжаеванинг ишга қабул қилиниши, меҳнат интизоми ва дарс кузатиш жараёнидаги фаолияти юзасидан ҳам эътирозлар бор. Муаллифлар унинг ишга келиш-кетиш тартиби ва касбий малакасини текширишни сўрамоқда.
Мурожаатчилар Турдимовдан ходимларнинг ишдан кетиш шароитлари, кадрларни танлаш мезонлари ва раҳбариятнинг жамоа билан муносабатини холис ўрганиб, натижасига кўра чора кўришни кутмоқда.
Мурожаатдаги даъволар мустақил тасдиқланган эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг