ТОШКЕНТГАГИ ИССИҚХОНАЛАР СУРХОНДАРЁГА КЎЧИРИЛМОҚДА
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқхоналар босқичма-босқич Сурхондарёга кўчирилади, газ таъминоти тўхтатилади, солиқ ва тарифлар кескин оширилади. Бу экология, нарх-наво ва тадбиркорлар учун жиддий оқибатлар келтириши мумкин.
Элтузар мухбири таҳлилига кўра, Тошкентда 2026 йилда яшил зона барпо этиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган иссиқхона хўжаликлари босқичма-босқич Сурхондарё вилоятига кўчирилади.
Унга кўра, Сурхондарё вилоятига кўчирилаётган хўжаликлар учун замонавий инфратузилма яратилади ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш босқичма-босқич тўхтатилади. Бу жараён белгиланган муддатлар асосида амалга оширилади.
2026 йил 1 июндан бошлаб Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида кўмир ва мазут каби экологик зарарли ёқилғилардан фойдаланадиган янги иссиқхоналарни ташкил этиш тақиқланади. Бу бўйича алоҳида назорат куяайтирилади.
2026 йил 1 августдан эса ушбу ҳудудлардаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади. Амалдаги шартномалар газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади. Бу эса уларнинг Тошкент атрофидаги фаолиятини қисман чеклайди.
Бундан ташқари, иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг беш бараварида ҳисобланади. Солиқ сиёсати ҳам қатъийлаштирилиб, ер ва мол-мулк солиғи 10 баравар оширилган коэффициентларда қўлланади.
Ушбу қарорга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида иссиқхоналар кўчирилгандан кейин бўшайдиган ер майдонлари қайта йўналтирилади. Уларда интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш ёки «яшил боғлар» ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, давлат мулки бўлган ва ижарага берилган ерларда иссиқхона фаолияти тўхтатилади ҳамда бу ҳудудларда капитал қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади. Сурхондарё вилоятига кўчириладиган тадбиркорлар учун эса «Сурхон-Агро» дастури доирасида имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.
Бу тизим пойтахтнингэкологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилиши айтилмоқда. Бироқ нарх-наво ошишига олиб келиши мумкин. Сурходарёдан Пойтахтга ва бошқа ҳудудларга маҳсулотни етказиш бир мунча қийинлашиши оқибатида нарх-наво барқарорлиги янада мувозанатсиз ҳолга келиши мумкин.
Масаланинг яна иккинчи томони, бунда тадбиркорлар манфаати ўйланиаган. Тошкентда яна қўшимча бизнеси бор тадбиркор учун бутун бошли иссиқхона бизнесини Сурхондарёга кўчирилиши уларнинг манфаати бузилишига олиб келади. Бизни кузатиб боринг. Элтузар мухбири мавзуга яна қайтади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг