2026 йил май ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг умумий ўртача нархи 550 доллар даражасида сақланиб қолди. Бу апрель ойидаги кўрсаткич билан бир хил, бироқ 2025 йил май ойига нисбатан 10 фоизга юқори.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилига кўра, пойтахт ижара бозорида умумий нарх барқарор кўринса-да, туманлар ва хона сони кесимида жиддий фарқлар сақланиб қолмоқда.

Айрим сегментларда қиммат ва нисбатан арзон ҳудудлар орасида тафовут икки баробардан ҳам юқори.

Май ойида ижара эълонлари сони сезиларли қисқарган. Апрель ойида Тошкентда 22,8 мингта ижара таклифи қайд этилган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 18,1 мингтага тушган. Бу қарийб 21 фоизлик пасайишни англатади. 2026 йил январь-март ойларида эълонлар сони ўртача 22,6 мингтани ташкил этган эди.
Таклифлар ҳажми бўйича Мирзо Улуғбек тумани етакчилик қилмоқда. Ушбу туман ҳиссасига барча ижара эълонларининг 16,9 фоизи тўғри келган. Кейинги ўринларда Миробод тумани 12,9 фоиз ва Юнусобод тумани 12,6 фоиз улуш билан қайд этилган. Умуман олганда, энг йирик уч туман жами таклифларнинг 42,4 фоизини қамраб олган.

Ижара нархи энг юқори ҳудудлар сифатида доимгидек Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманлари кўрсатилмоқда. Масалан, 1 хонали уйлар Мирободда медиан ҳисобда 600 долларга ижарага берилмоқда. Олмазор, Сергели ва Учтепа туманларида эса бу кўрсаткич 350 доллар атрофида.

2 хонали хонадонларда ҳам фарқ сезиларли. Миробод ва Шайхонтоҳурда бундай уйлар ўртача нархи 700 долларга етган бўлса, Сергели ва Учтепада 400 доллар даражасида. 3 хонали хонадонларда тафовут янада кескин: Миробод ва Шайхонтоҳурда 1000 доллар, Сергели ва Учтепада эса 450 доллар. 4 ва ундан кўп хонали хонадонларда Мирободда медиан нарх 1150 доллар, Яккасаройда 1100 доллар, нисбатан арзон ҳудудларда эса 500–550 доллар атрофида шаклланган.

Бозорнинг асосий қисмини 2 хонали хонадонлар ташкил этмоқда. Май ойида ижара эълонларининг 59,6 фоизи 2 хонали, 26 фоизи 3 хонали хонадонларга тўғри келган. 1 хонали хонадонлар улуши 10,9 фоизни, 4 ва ундан кўп хонали хонадонлар улуши эса 3,5 фоизни ташкил этган. Бу 2 ва 3 хонали уйлар пойтахт ижара бозорида асосий талаб ва таклиф марказида эканини кўрсатади.

Таҳлил шуни кўрсатадики, Тошкент ижара бозорида умумий медиан нарх барқарор сақланаётган бўлса ҳам, бу барқарорлик барча сегментлар учун бир хил эмас. Айниқса 1 хонали хонадонларда нарх босими кучлироқ. Бу талаб юқорилиги, кичик майдонли уйларнинг тез ижарага берилиши ва уларнинг ликвидлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
4 ва ундан кўп хонали хонадонларда эса аксинча манзара кузатилмоқда. Бу сегментда нархлар пасайиши катта майдонли уйларга талаб нисбатан чеклангани ёки ижарачилар учун харажат юки юқорилиги билан изоҳланиши мумкин. Шунинг учун бундай хонадонларда ижарачилар учун келишув имконияти кенгроқ.

Ҳудудий тафовутлар пойтахт ижара бозорида жойлашув омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Марказий ва бизнес фаоллик юқори бўлган Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида нархлар анча баланд. Сергели, Учтепа ва Олмазор каби туманларда эса нисбатан арзон таклифлар сақланиб қолган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ижара нархини белгилашда фақат шаҳар бўйича умумий медиан кўрсаткичга таяниш етарли эмас. Мулкдорлар аниқ туман, хона сони, таклиф ҳажми ва бозордаги реал талабни ҳисобга олиши зарур. Ижарачилар учун ҳудуд танлови ойлик харажатларда катта фарқ келтириб чиқариши мумкин.