ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАРИ ОРТИДАГИ 19,9 МЛРД СЎМЛИК ТАЛОН-ТОРОЖ ФОШ ЭТИЛДИ
Тошкентда электрон газ ҳисоблагичларига хизмат кўрсатиш баҳонасида 19,9 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағи ўзлаштирилгани фош этилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тошкентда электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатиш баҳонасида қарийб 20 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Texnopark” МЧЖнинг айрим масъул шахслари 19,9 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағини ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.
Тергов маълумотларида маблағлар электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар баҳонасида талон-торож қилингани қайд этилган.
Текширув давомида яна 273 та газ ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари ҳақиқатдагидан кам ҳисоблангани ҳам аниқланган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига қўшимча 861,1 миллион сўм зарар етказилган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларнинг ҳаракатлари ва бюджет маблағларининг қаерга йўналтирилгани ўрганилмоқда.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Масъул шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг