ВИЗУАЛ ШОВҚИНЛИ РЕКЛАМАНГИЗ ВА ДИДСИЗ ПЕШЛАВҲАЛАРИНГИЗ ОРАСИДА ЯШАШГА МАЖБУР ЭМАСМИЗ
Ҳуқуқшунос Тошкентда жадал муҳокама қилинаётган дизайн-код атрофидаги тортишувларга ойдинлик киритиб, визуал шовқинли реклама ва дидсиз пешлавҳаларнинг аҳоли саломатлиги, хавфсизлиги ва шаҳар муҳитига салбий таъсирини тушунтиради.
Сўнгги кунларда тадбиркорлар томонидан қаттиқ танқид қилинаётган Тошкент шаҳрининг дизайн-код ҳужжати ҳақида айрим фикрларни билдириб ўтмоқчиман.
Шаҳарнинг асосини аҳоли ташкил этади. Нимаики иш қилинса, аҳоли фаровонлиги, тинчлиги ва саломатлиги учун қилиниши керак. Аҳолининг манфаатларини бир четга суриб, бир тўда очкўз бизнес вакилларининг талаби билан иш тутилмайди.
Ҳар бир шаҳарнинг ўз визуал коди ва дизайни бўлиши керак. Реклама ва пешлавҳалар стандарт шаклда, шаҳар муҳитига мос бўлиши керак. Реклама учун қонунчиликда белгилангани каби пул тўланиши керак. Бир квадрат метрдан ошдими, марҳамат пулини тўланг. Бу шаҳар бюджети учун ҳам фойдали бўлади.
Сиз ўрнатган пешлавҳалар, аслида яширин реклама – визуал ахлат (шовқин) бўлиб, инсонларга зарар келтириши, ҳатто ўлимига сабабчи бўлиши мумкин. Бу илмий асосланган. Швеция олимлари ўтказган илмий тадқиқотлар тартибсиз ўрнатилган реклама ва пешлавҳалар инсон организмига салбий таъсир кўрсатиши, визуал ахлат (шовқин) билан тўлган муҳитда инсон кўз қорачиғининг тинмай ҳаракат қилиши оқибатида кучли стресс юзага келиши мумкинлиги аниқланган. Буюк Британиянинг Брунель университети олими доктор Марк Янгнинг тадқиотларида йўллардаги 10 фоиз йўл-транспорт ходисалари реклама шитлари туфайли бўлиши исботланган. Дания олимларининг таъкидлашича, 69 фоиз ҳайдовчилар машина ҳайдаб кетаётганда ҳеч бўлмаганда бир марта реклама шитига қарайди ва бунда йўлга қарамайди.
АҚШда 1965- ва 1991-йилларда реклама ва пешлавҳаларни қатъий тартибга солувчи ҳужжатлар қабул қилинган. 2013-2016 йилларда Москва шаҳрида шаҳарнинг дизайн-коди тасдиқланиб, шаҳар аллақачон бу масалада тартибга солинган.
Тошкент дизайн-коди лойиҳаси 2024 йил бошида ишлаб чиқилган, кейинроқ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланган. Буни бажаришга мажбурсиз.
“Бизнеснинг эркин нафаси” бу – ҳамма жойга хитойча, туркча, русча, ҳиндча ва бошқа тиллардаги реклама ва пешлавҳа осиб ташлайди дегани эмас. Бу ерда давлат тили талаблари бор. Порнографияга яқин бўлган расмларни ҳам осишгача бордингиз, аслида бу жиноят. Миллий ва диний маданиятимизни ҳисобга олмадингиз.
Сизнинг тартибсиз рекламангиз ва дидсиз (баъзан уятсиз) пешлавҳаларингиз ва визуал шовқинингиз ичида 4 миллионга яқин аҳоли (унинг ярими болалар) яшашга мажбур эмас.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг