Тошкент вилояти 4-МММ тизимида фаолият юритаётган ППХ инспекторларига ҳар куни белгиланган миқдорда протокол расмийлаштириш ва айрим йўналишлар бўйича натижа кўрсатиш талаби қўйилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Тақдим этилган маълумотлар ва скриншотларга кўра, ходимлардан кунлик ҳамда 7 кунлик ҳисоботларда аниқ рақамли натижалар талаб қилинган.

Жумладан, “планшетдан текшириш”, “ҳушёрхона”, “қоровулхона текшириш”, “компьютерхона текшириш”, “187-1-модда”, “ТИГ” каби йўналишлар бўйича кўрсаткичларни ошириш вазифаси қўйилгани кўринган.

Гуруҳда тарқатилган хабарларда “кунлик иш натижаларини кучайтириш” ва паст кўрсаткичлар бўйича раҳбариятга йиғилиш ўтказилиши билдирилган.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, агар бир ой давомида ҳам белгиланган натижа бажарилмаса, ходимларга дам олиш куни берилмаслиги айтилган.

Унинг иддао қилишича, бу топшириқни шахсан 4-МММ бошлиғи, полковник Дилшод Тошкенбоевич Турсунбоев берган ва ижросини ўзи назорат қилмоқда.

Шунингдек, мурожаатда ППХ отряди командири Фаррух Йўлдошев юқори раҳбарият кўрсатмасини сўзсиз бажараётгани, босим кучайгани сабаб айрим ходимлар бошқа хизмат ёки бошқа жойга ўтишга ҳаракат қилаётгани айтилган.

Муаллиф фикрича, бу ҳолат вакант ўринлар сони ортишига ҳам олиб келмоқда.