Янги ўқув йили бошланганига салкам уч ҳафта бўлди. Республика бўйича 700 минг нафардан ортиқ тўртинчи синф ўқувчиси ҳар куни мактабга қатнамоқда. Аммо Элтузарга келиб тушган мурожаатда айтилишича, ўқувчиларга янги дарсликлар ҳалигача тўлиқ етказиб берилмаган.

Бола мактабга боради, ўқитувчи дарс беришга тайёр, ўқувчи билим олишни истайди. Лекин таълимнинг асосий воситаси – дарслик йўқ.

Наҳотки, янги ўқув йилига тайёргарлик шу тарзда олиб борилган бўлса? Нега юз минглаб болага керак бўладиган китоблар дарслар бошланишидан олдин мактабларга етказилмади? Бу жараён учун ким масъул?

Мурожаат муаллифлари Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримовани муаммога етарлича эътибор қаратмаётганликда танқид қилмоқда. Бироқ вазирлик тўртинчи синф дарсликлари қайси мактабларга ва қандай ҳажмда етказилмагани, таъминот қачон тўлиқ якунланиши ҳақида жамоатчиликка аниқ тушунтириш бериши лозим.

Ўқитувчи тайёр, ўқувчи тайёр, аммо дарслик йўқ.

Мурожаатда Президентдан республикадаги барча тўртинчи синф ўқувчиларини янги дарсликлар билан таъминлаш масаласини шахсий назоратга олиш сўралган.

Ота-оналар фарзандлари учун имтиёз ёки алоҳида шароит талаб қилмаяпти. Улар болалар мактабда ўқиши учун энг оддий ва зарур восита – китоб сўрамоқда.

Бугун дарсликсиз қолган боладан эртага юқори натижа талаб қилиш адолатдан эмас. Таълимга ажратилган маблағлар, дарсликларни нашр этиш муддатлари ва уларни мактабларга тарқатиш жараёни очиқ-ошкора тушунтирилиши шарт.

Тўртинчи синф дарсликлари қаерда? Болалар уларни қачон олади? Кечикиш учун ким жавоб беради?