ТЎРАҚЎРҒОНДАГИ 35-МАКТАБДА ОТА-ОНАЛАРДАН 200 МИНГ СЎМГАЧА ПУЛ ЙИҒИЛМОҚДА
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 35-мактабда янги ўқув йили олдидан 1–5-синф ўқувчилари ота-оналаридан 150–200 минг сўм йиғилаётгани айтилмоқда. Мактабни таъмирлаш ва «япон таълим тизими» баҳона қилингани, сарф очиқ эмаслиги норозиликка сабаб бўлди.
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 35-сонли умумтаълим мактабида янги ўқув йили бошланмасидан аввал ота-оналардан 150 мингдан 200 минг сўмгача пул йиғилаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда айтилишича, Шаҳанд қишлоғида жойлашган ушбу мактабда 1-синфдан 5-синфгача бўлган ўқувчиларнинг ота-оналаридан маблағ талаб қилинмоқда.
Мурожаат муаллифлари бу ташаббус мактаб директори Умиджон Тошмирзаев томонидан амалга оширилаётганини иддао қилмоқда. Уларга кўра, пул йиғишга мактабни таъмирлаш ҳамда «япон таълим тизими»ни жорий этиш сабаб қилиб кўрсатилган.
Ота-оналар эса мактаб таъмири каби ишлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши кераклигини таъкидлаб, йиғилаётган маблағларнинг қаерга ва қандай мақсадда сарфланиши очиқ эмаслигидан норози.
Мурожаатда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан вазиятни назоратга олиш, 35-сонли мактабдаги пул йиғиш ҳолатини атрофлича ўрганиш ва қонунбузилиш аниқланган тақдирда тегишли чора кўриш сўралган.
Ҳозирча мурожаатда келтирилган иддаолар юзасидан мактаб раҳбарияти ёки мутасадди идораларнинг расмий муносабати маълум эмас.
Элтузар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Наманган вилояти бошқармаси ҳамда Тўрақўрғон тумани мутасаддиларидан мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериб, ота-оналардан қандай асосда пул йиғилаётгани ва маблағлар нима мақсадда сарфланиши бўйича очиқ изоҳ беришни сўрайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг