Ўзбекистонда Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилиши муносабати билан бир нечта давлат идораларида штат қисқартиришлари амалга оширилди. Бу ҳақда президент қарори ва унга илова қилинган ҳужжатларда маълум қилинган.

Ҳужжатларга кўра, Адлия вазирлиги ҳузурида янги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилган бўлиб, унинг чекланган штат бирликлари сони 81 тани ташкил этади. Шундан 40 нафар ходим марказий аппаратда, 41 нафар эса ҳудудий бўлинмаларда фаолият юритади.

Агентликни шакллантириш учун бир нечта давлат органларида қисқартиришлар қилинган. Хусусан, Давлат активларини бошқариш агентлигидан тўловга қобилиятсизлик ишларини юритиш билан боғлиқ вазифалар ўтказилиши муносабати билан 15 та штат бирлиги қисқартирилган; Маҳаллаларни мақбуллаштириш ва ихчамлаштириш натижасида маҳаллаларга бириктирилган 10 нафар давлат солиқ инспектори штати қисқартирилган; Давлат хизматлари марказларида иш жараёнлари рақамлаштирилиши ва оптималлаштирилиши ортидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган 56 та штат бирлиги бекор қилинган.

Шу тариқа, янги агентлик учун жами 81 та штат айнан бошқа идоралардаги қисқартиришлар ҳисобига шакллантирилган.

Ҳужжатларда қайд этилишича, агентлик директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари адлия вазирининг биринчи ўринбосари даражасига тенглаштирилган. Шунингдек, агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари Адлия вазирлиги тизими ходимларига тенг мақомда фаолият юритади.

Янги агентликнинг ташкил этилиши ҳукуматнинг иқтисодий муаммолар, айниқса корхоналар банкротлиги ва тўловга қобилиятсизлик жараёнларини марказлаштирилган тарзда бошқаришга уринaётганини кўрсатади.

Аввал бу вазифалар Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимида бўлган бўлса, энди улар алоҳида тузилмага ўтказилмоқда. Бу эса банкротлик жараёнларини ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан кучайтириш мақсадида амалга оширилаётгани тахмин қилинади.

Бироқ агентликни ташкил этиш янги иш ўринлари яратиш ҳисобидан эмас, балки мавжуд идоралардаги қисқартиришлар орқали амалга оширилмоқда. Айниқса, Давлат хизматлари марказларида 56 та штатнинг қисқартирилиши рақамлаштириш жараёнлари ортидан давлат аппаратини оптималлаштириш сиёсати давом этаётганини англатади.

Солиқ тизимидаги қисқартиришлар эса маҳаллаларни ихчамлаштириш ислоҳотлари билан боғлиқ экани айтилмоқда. Бу жараён давлат бошқарувида марказлашув ва харажатларни камайтириш сиёсати кучаяётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, янги агентликнинг ташкил этилиши келгусида иқтисодий ночор корхоналар билан ишлаш, қарздорликни қайта тиклаш ва банкротлик жараёнларини тезлаштиришда муҳим рол ўйнаши мумкин.