Якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Г.Г.  тилло тақинчоқлар савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро Э.Н.га ўзини Қизилтепа туманидаги буюм бозорида тилло тақинчоқлар сотиш билан шуғулланишини айтиб, Э.Н.нинг тиллаларини бир ой муддатда сотиб беришга ваъда берган.

Г.Г. 52.000.000 сўмлик тиллаларни олиб, уларни ўзига таниш бўлган бошқа шахсларга сотишга мувваф бўлган. Аммо мол эгасига пулларнинг 8.000.000 сўмини берган.

“Қолган тилла ҳали сотилмади, сотилиши билан пулини келтириб бераман”, дея баҳона қилган. Савдогарлар ичида лўхи бўлмайди. Аммо Э.Н. ягона нусха. У пулларининг асосий қисми қайтиб келмаганидан шубҳаланиш ўрнига, фирибгарга яна 100.000.000 сўм миқдорида пул берган.

Осон пул топишнинг ҳадисини олган Г.Г тилло тақинчоқлар савдоси билан шуғулланувчи яна бир савдогар Н.А.дан 12.600.000 сўмлик тиллаларини сотиб бериш мақсадида олган. Аввалги ҳикоя давом этади. Г.Г. сотувчига 7.370.000 сўмни бериб, тиллаларнинг қолгани ҳали сотилмаганини айтган.  

Одам бир чув тушса, охиригача хонавайрон бўлиши керак деб ҳисоблаган Н.А. яна 12.500.000 сўмлик 3 та жамланмадаги “Туркманбоши” номли умумий оғирлиги 24,95 грамм бўлган тилло тақинчоқларини келгусида бир ой муддат ичида сотиб бериш учун фирибгарга ўз қўллари билан топширган.  Шундан сўнг у тилларни ҳам, пулларни ҳам кўрмаган.

Бу вақтда эса Г.Г. ўзига олдиндан таниш бўлган Л.Т.нинг 70.225.000 сўмлик тилларини сотиб бериш мақсадида ухлатиб кетган.

Букрини гўр тўғирлайди, аммо фирибгарни ҳеч нарса тўхтата олмайди. Г.Г тилла тақинчоқлар олди-сотдиси билан шуғулланиб келган яна бир фуқаро Л.А.нинг 4 та жамланмадаги “Туркманбоши” номли умумий оғирлиги 40 грамм бўлган тилла тақинчоқларини бир ой муддат ичида жами 18.000.000 сўмга сотиб беришини айтган. Пулларнинг 9.000.000 сўмини Л.А.га бериб, қолган 9.000.000 еб, ичиб юборган.

Ва ниҳоят суд залига етиб келган Г.Г. айбига қисман иқрорлик

билдириб, у 2019 йилда тилла тақинчоқлар савдоси билан шуғулланган вақтида тадбиркорлик фаолияти орқага кетганини, шу сабабли у фуқаролардан фоизи билан қайтариш эвазига қарз олгани, аммо ишлари юришмагани сабабли тобора қарзга ботиб кетганини айтди. Одамлар қарзларини сўрай бошлаб, қийин вазиятга тушиб қолгани боис у фирибгарлик йўлига ўтганини рўкач қилди.

Г.Г. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Фирибгарлигини қамоқда давом эттиради.