Республика Ихтисослаштирилган Травматология ва Ортопедия Илмий Амалий Тиббиёт марказига 11 миллиардлик МРТ ускунаси сотиб олинди.

2024 йил 25 декабрдаги FMEDUZ-85-24 сонли шартнома асосида марказ томонидан “First-Medical” МЧЖ орқали Хитойнинг Beijing Wandong Medical Technology Co. Ltd компанияси ишлаб чиқарган I_Space 1.5T МРТ қурилмаси 11,3 миллиард сўм (тахминан 944 минг доллар)га харид қилинган.

Ишлаб чиқарувчининг ўзи айнан шу қурилмани Ўзбекистонга етказиб бериш, ўрнатиш, бир йиллик хизмат кўрсатиш ва ходимларни ўқитиш билан бирга 550 минг долларга таклиф қилмоқда.

Фарқни ҳисоблаб кўринг:
394 минг доллар. Яъни 4,7 миллиард сўм ортиқча тўланди. Демак, тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан эмас, воситачи орқали харид қилиш “жуда зарур” бўлгани учун ускуна қимматга тушди.

Айни шу марказ 2024 йил 17 апрелдаги №82 шартнома асосида “Veni-Vidi-Vici Group” компаниясидан 4 дона хирургик отсосни жами 145,6 миллион сўмга харид қилди.
Тиббиёт ускуналари платформаларида шу каби ускуналарни 3-4 миллион сўм атрофида топиш мумкин. Қимматбаҳо отсослар тез орада ишдан чиққанини инобатга олсак, бу пулни ҳавога совуриш билан тенг бўлди.

Тиббиёт муассасасаларида харид сметаси жамоатчиликка ошкор тақдим этилмаскан, бундай харидлар коррупция учун тирқич деган шубҳа тобора мустаҳкамланиб боради.