Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Telegram орқали амалга оширилаётган янги фирибгарлик схемаси ҳақида фуқароларни огоҳлантирди.

Агентлик маълумотига кўра, фирибгарлар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Марказий банк, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа давлат идоралари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ҳамда ходимлари номидан сохта Telegram-аккаунтлар ва ботлар очмоқда.

Фуқароларда ишонч уйғотиш учун сохта аккаунтларда давлат органларининг расмий рамзлари ва логотиплари, мансабдор шахсларнинг суратлари ҳамда ҳақиқий ҳужжатларга ўхшатиб тайёрланган материаллардан фойдаланилмоқда.

Фирибгарлар дастлаб фуқарога унинг номидан ёки иштирокида ноқонуний молиявий операциялар амалга оширилгани ҳақида хабар юборади. Шундан сўнг гўё давлат идоралари ўтказаётган текширувда ҳамкорлик қилиш зарурлигини айтиб, жабрланувчини психологик босим остига олади.

Кейинчалик фуқаролар сохта Telegram-ботлар орқали рўйхатдан ўтишга ундайди. Сохта ҳужжатлар, таҳдид ва қўрқитишлар ёрдамида уларни ўз номига кредит расмийлаштиришга мажбур қилиб, кредит маблағларини бошқа ҳисоб рақамларига ўтказтириб олади.

“Сизнинг номингиздан ноқонуний операция ўтказилди” деган хабар ортида қарзга ботириш режаси туриши мумкин. Янги хавфли схема қандай ишлашини Элтузарнинг махсус видеосида кўринг.

Агентлик бундай мулоқотлар, одатда, фақат Telegram ҳамда аноним ёки шубҳали телефон рақамлари орқали олиб борилишига эътибор қаратган.

Фуқароларга шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, номаълум файлларни, айниқса, .apk кенгайтмали дастурларни очмаслик тавсия қилинмоқда. Шунингдек, давлат идоралари номидан мурожаат қилган аккаунтларнинг ҳақиқийлигини расмий веб-сайтлар орқали текшириш зарур.

Шубҳали хабар ва ёзишмаларнинг скриншотларини сақлаб қўйиш, аккаунтларни блоклаш ҳамда бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш сўралган.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ходимлари фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан фақат расмий алоқа каналлари — хизмат телефонлари, расмий электрон почта манзиллари ва почта жўнатмалари орқали мулоқот қилишини билдирган.

Агентлик фуқароларни ҳушёр бўлишга ва ушбу фирибгарлик схемаси ҳақида яқинларини ҳам огоҳлантиришга чақирди.