Элтузар таҳририятига маданият соҳасидаги вазиятдан норози бўлган ўқувчимиздан мактуб келиб тушди. Муаллиф театр ва маданият муассасаларида ижодий жараён ўрнини тобора кўпроқ ҳисоботлар, йиғилишлар ва маъмурий топшириқлар эгаллаётганини иддао қилмоқда. Қуйида мактуб мазмуни таҳрирланган ҳолда эълон қилинмоқда.

«МАДАНИЯТ ҲИСОБОТБОЗЛИК БОСИМИ ОСТИДА ҚОЛЯПТИ»

Бугун маданият соҳасида яқин-яқингача тасаввур қилиш қийин бўлган бир савол тобора долзарблашмоқда: театр санъат яратиш билан шуғулланиши керакми ёки фаолиятни намойиш қилиш билан?

Амалдаги бошқарув тизимида шакл мазмундан устун келаётгандек таассурот пайдо бўлмоқда.

Маданият вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлардан театрларга турли ҳисоботлар, жадваллар, диаграммалар, статистик маълумотлар ва тезкор ахборотлар тақдим этиш бўйича кўплаб топшириқлар келиб тушади.

Айрим ҳолларда бир хил мазмундаги маълумотлар қайта-қайта сўралади. Талаблар охирги дақиқада ўзгариши ёки маълумотни қисқа муддат ичида тақдим этиш сўралиши ҳам учрайди.

Натижада театр ходимларининг иш вақтининг сезиларли қисми бевосита ижодий жараёнга эмас, ҳужжат ва ҳисобот тайёрлашга сарфланмоқда.

Бу, биринчи навбатда, режиссёрлар, актёрлар ва театр маъмуриятининг асосий вазифасига таъсир қилади.

РЕПЕТИЦИЯ ЎРНИГА ЙИҒИЛИШЛАР

Яна бир муаммо — узоқ давом этадиган турли йиғилишлар.

Ҳафта давомида бир неча марта Zoom орқали ёки бевосита иштирокда йиғилишлар ўтказилиши театрнинг кундалик иш режимига жиддий таъсир кўрсатади.

Театрда эса ҳар бир соат, баъзан ҳар бир дақиқа муҳим. Спектакл тайёрлаш режиссёр, актёр, техник ходимлар ва бошқа ижодий гуруҳларнинг бир вақтда мувофиқлашган ҳолда ишлашини талаб қилади.

Репетициянинг бекор қилиниши ёки қисқартирилиши кейинги бутун жараёнга таъсир кўрсатиши мумкин.

Аммо театрлар баъзан ижодий жараённи эмас, маъмурий топшириқларнинг графигини устувор қўйишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.

АКТЁР — «МАССОВКА» ЭМАС

Мактубда кўтарилган энг оғриқли масалалардан бири — профессионал актёрларни турли тадбирларга «одам сонини таъминлаш», «кўриниш яратиш» ёки оммавий иштирокни таъминлаш мақсадида жалб қилиш амалиёти.

Актёр — шунчаки тадбирда туриб берадиган одам эмас.

Унинг касби доимий тайёргарлик, репетиция, образ устида ишлаш, жисмоний ва руҳий концентрацияни талаб қилади.

Профессионал артистларни ижодий вазифасига алоқаси бўлмаган тадбирларга мунтазам равишда жалб қилиш нафақат иш жараёнини издан чиқаради, балки актёрлик касбининг қадрини ҳам пасайтиради.

Агар театр артисти саҳнага чиқиш ўрнига турли тадбирларда «фон» вазифасини бажаришга мажбур бўлса, бу тизимнинг ўзи ҳақида савол туғдиради.

«ҚАНЧА КЎП ҲИСОБОТ БЎЛСА, ШУНЧА КАМ ИЖОД БЎЛАДИ»

Бугун шундай парадокс пайдо бўлаётгандек. Ҳисоботлар сони ортиб, аммо ҳақиқий ижод учун вақт камайиб бормоқда.

Театр эса ҳисобот учун эмас, томошабин учун яшаши керак эмасми?

Албатта, давлат муассасаларида назорат, ҳисобдорлик ва мувофиқлаштириш зарур. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо назоратнинг ўзи мақсадга айланиб қолса, тизим ўз вазифасига қарши ишлай бошлайди.

Маданиятни фақат рақамлар, жадваллар, қатнашчилар сони ва ўтказилган тадбирлар миқдори билан ўлчаб бўлмайди. Спектаклнинг сифати, актёрнинг маҳорати, режиссёрнинг ғояси ёки томошабиннинг олган таассуротини Excel жадвалида тўлиқ ифодалашнинг иложи йўқ.

Агар мавжуд тенденция давом этса, маданият соҳасини ривожлантириш ўрнига унинг мазмуни аста-секин йўқолиб бориши хавфи бор.

Ижод қилиш учун вақти йўқ театр, касби қадрланмайдиган актёр ва қоғозбозликка кўмилиб қолган режиссёр билан қандай маданий юксалиш ҳақида гапириш мумкин?

Театр санъат яратиши керак. Акс ҳолда у театр эмас, ҳисобот учун қурилган декорацияга айланиб қолади.

ЭЛТУЗАРДАН МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИГА САВОЛЛАР

Мактубда билдирилган фикрлар муносабати билан Элтузар Маданият вазирлигидан қуйидаги саволларга жавоб олишни истар эди:

  1. Театр ва маданият муассасаларидан бир ой давомида ўртача қанча турдаги ҳисобот ва маълумотнома талаб қилинади?
  2. Бир хил ёки ўхшаш маълумотларни турли бўлинмалар томонидан такроран сўраш ҳолатларини камайтириш бўйича қандай механизм мавжуд?
  3. Театр раҳбарлари ва ижодий ходимлар иштирокида ўтказиладиган онлайн ва офлайн йиғилишларнинг сони ва давомийлиги тартибга солинганми?
  4. Профессионал театр актёрларини уларнинг асосий ижодий вазифасига алоқаси бўлмаган оммавий тадбирларга жалб қилиш бўйича вазирликнинг расмий позицияси қандай?
  5. Театрларни баҳолашда ҳисоботлар ва статистик кўрсаткичлардан ташқари спектакл сифати, ижодий натижа ва томошабин муносабати қандай ҳисобга олинади?

Элтузар Маданият вазирлиги ёки бошқа масъул ташкилотларнинг ушбу мактубда кўтарилган масалалар юзасидан муносабатини тўлиқ эълон қилишга тайёр.

Мактуб муаллифининг айрим субъектив баҳолари унинг шахсий позициясини ифодалайди.