ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ХАВФСИЗЛИК УЧУН “ТАШВИШ” ТУГМАСИ ЖОРИЙ ЭТАДИ
425-сон қарорга мувофиқ, барча турдаги таълим муассасаларида биометрик кириш-чиқиш, видеокузатув, қўриқлаш сигнализацияси ва “ташвиш” тугмалари жорий этилади, муассасалар хавф даражасига кўра тоифаланади ҳамда ўқувчилар учун йўл хавфсизлиги кучайтирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 июлдаги 425-сон қарори мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари, шунингдек хорижий давлатлар таълим муассасалари филиалларида хавфсизлик тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Мазкур қарор орқали таълим муассасаларида замонавий хавфсизлик инфратузилмасини шакллантириш, ўқувчилар, талабалар ва педагогларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги механизмлар жорий этилмоқда.
Қарорга мувофиқ, таълим муассасаларида биометрик кириш-чиқиш тизимлари, видеокузатув камералари, қўриқлаш сигнализациялари ва «ташвиш» тугмалари босқичма-босқич ўрнатилади. Бу эса муассасага кирувчи ва чиқувчи шахсларнинг назоратини кучайтириш, бегона шахсларнинг киришини чеклаш ҳамда фавқулодда ҳолатларда тезкор чора кўриш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳат — таълим муассасаларини хавфсизлик даражасига қараб тоифаларга ажратиш амалиёти жорий этилаётганидир. Бу ҳар бир муассасанинг жойлашуви, ўқувчилар сони ва хавф омилларидан келиб чиққан ҳолда индивидуал ёндашувни таъминлайди.
Шунингдек, видеокузатув тизимининг ҳудудни тўлиқ қамраб олиши, маълумотларни белгиланган муддат сақлаш тартиби ҳам эҳтимолий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни тезкор аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Давлат таълим муассасаларида махсус алоқа каналининг ташкил этилиши эса хавфсизлик тизимининг барқарор ишлашини таъминлайди.
Қарорда таълим муассасалари атрофида пиёдалар учун «яшил йўлаклар» ташкил этилиши ва транспорт ҳаракатининг чекланиши ҳам назарда тутилган. Бу ўқувчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаларига дуч келиш хавфини камайтиришга хизмат қилади.
Қўриқлаш ходимларини махсус ўқув марказларида тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам хавфсизлик тизимининг самарадорлигини таъминлайдиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Умуман олганда, мазкур қарор таълим муассасаларида хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантириш, замонавий технологиялар асосида назорат тизимини йўлга қўйиш ҳамда таълим жараёни иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида аҳамият касб этади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг