Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов жамоатчиликни фаол Отабек Бакировни ҳимоя қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, Бакиров Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовни ҳақорат қилмаган, балки уни соҳадаги муаммолар юзасидан фаол ишлашга ундаган.

Ташановнинг билдиришича, Бакировнинг “Энергетика вазири нега ҳар йили ваъда беради, аммо муаммо ҳал бўлмайди?” деган саволи танқидий фикр доирасида айтилган. Ҳуқуқбон вазирнинг фаол устидан шикояти сўз эркинлигига босим сифатида баҳоланиши мумкинлигини айтди.

Бугун тушдан сўнг Яшнобод туман судида вазирнинг Бакировга қарши шикояти бўйича маъмурий иш кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ташанов суд ишни муддати ўтгани сабабли тугатиши эҳтимолини билдирган. Шу билан бирга, у иш фақат муддат асосида эмас, балки ҳуқуқбузарлик таркиби йўқлиги сабабли бутунлай бекор қилиниши кераклигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Бакиров ҳеч кимни ҳақорат қилмаган, туҳмат қилмаган, камситмаган ва ёлғон хабар тарқатмаган. Ташанов иш юзасидан тайёрланган экспертизалар турлича ва зиддиятли эканини ҳам қайд этди.

Ҳуқуқбон жамоатчиликни ушбу иш бўйича ўз муносабатини очиқ билдиришга чақириб, биргаликдаги позиция адолат қарор топишига хизмат қилишини айтди.