«МЕНГА ҚАЧОН ЖАВОБ БЕРАСИЗ, ЖАНОБ БОШ ПРОКУРОР?»
«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Бош прокуратурага йўллаган шикояти тўрт ойдан ортиқ вақт жавобсиз қолаётганини айтмоқда. Бу ҳолат фуқаролар мурожаатлари бўйича давлат ходимларига нисбатан кўрилган чоралар фонида кузатилмоқда.
(Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов мурожаати тўрт ойдан ошиқ вақтдан бери жавобсиз қолаётганини айтди)
Ўзбекистонда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда камчиликка йўл қўйган 151 нафар давлат ходими лавозимидан озод этилган бир пайтда, «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Бош прокуратурага йўллаган мурожаати тўрт ойдан ошиқ вақтдан бери жавобсиз қолаётганини маълум қилди.
Ҳуқуқбон бу ҳақда Telegram саҳифасида ёзиб, Бош прокурорга очиқ савол билан мурожаат қилди.
13 сентябрь куни матбуотда Президент Халқ қабулхоналарининг 2026 йил январь-август ойларида мурожаатлар билан ишлаш натижалари эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, саккиз ой давомида давлат органлари ва ташкилотларига таъсир чоралари кўриш бўйича жами 5486 та ҳужжат киритилган. Натижада 151 нафар ходим лавозимидан озод қилинган, 833 нафарига ҳайфсан берилган, 150 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган ва 1335 нафари расман огоҳлантирилган.
Халқ қабулхонаси эълон қилган инфографикада Бош прокуратура тизими ҳам алоҳида қайд этилган: унга саккиз ойда 128 та тақдимнома киритилган.
Ташанов ушбу натижаларни ижобий баҳолаб, мурожаатлар билан ишлашда янги раҳбарият фаолияти сезилаётганини таъкидлаган. Бироқ у ўзининг Бош прокуратурага юборган мурожаати тақдири ҳамон номаълумлигини айтмоқда.
Масаланинг тарихи 2026 йил бошига бориб тақалади. Февраль ойида Республика Ҳарбий прокуратураси Ташановга нисбатан ёлғон ахборот тарқатиш билан боғлиқ маъмурий иш қўзғатган эди.
1 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати мавжуд эмаслиги сабабли ишни МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига асосан тугатган.
Шундан сўнг Ташанов уни маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлган ҳаракатлар юзасидан хизмат текшируви ўтказилишини сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилган.
Элтузарга тақдим этилган Тошкент шаҳар судининг 2026 йил 14 майдаги расмий хати бу мурожаат мавжуд бўлганини тасдиқлайди. Ҳужжатда Абдураҳмон Ташановнинг 135047-r/26-сонли мурожаати 29 апрель куни pm.gov.uz орқали келиб тушгани ва тааллуқлилиги бўйича ҳал этиш учун Бош прокуратурага юборилгани кўрсатилган. Суд Бош прокуратурадан натижа ҳақида мурожаат муаллифига маълум қилишни ҳам сўраган.
Бироқ саналарда эътиборли тафовут бор. Ташанов ҳозирги постида Бош прокурорга 14 май куни мурожаат қилганини ёзади. Суд ҳужжатида эса айнан шу рақамдаги мурожаат 29 апрелда келиб тушгани қайд этилган.
Бундан ташқари, бу масала бўйича Президент Халқ қабулхонаси аввал ҳам расмий тушунтириш берган. Унинг маълумотига кўра, Ташанов 135047-r/26-сонли мурожаатни 27 апрель куни соат 11:22 да мустақил равишда Бош прокуратурага йўллаган ва мурожаат Президент Халқ қабулхонасига келиб тушмаган. Расмий изоҳда murojaat.gov.uz орқали муайян идора танлаб юборилган мурожаатни кейинги кўриб чиқиш учун ўша идора жавобгар экани айтилган.
Шу тариқа, очиқ маълумотлар ва ҳужжатлар мурожаат апрель охиридаёқ Бош прокуратурага йўналтирилганини кўрсатмоқда. Ташанов эса 13 сентябрь ҳолатигача унга мазмунан жавоб берилмаганини иддао қилмоқда.
Қонунга кўра, ариза ёки шикоят одатда 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ёки текшириш талаб этилса бир ойгача кўриб чиқилиши керак. Истисно ҳолларда муддат яна кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, аммо бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилиниши шарт.
Агар Ташанов айтганидек, унга на жавоб, на муддат узайтирилгани ҳақида билдиришнома берилган бўлса, мурожаатнинг кўриб чиқилиш муддати қонунда белгиланган одатий муддатлардан анча ошиб кетган бўлади.
Ташановнинг айтишича, орада Яшнобод тумани прокуратураси ходими унга қўнғироқ қилиб, мурожаат ўрганилаётганини билдирган. Ҳуқуқбон эса республика Ҳарбий прокуратураси мансабдорларига оид шикоятнинг туман прокуратураси даражасида ўрганилишига эътироз билдирган.
Ҳозир Ташанов Ҳарбий прокуратура ҳаракатлари оқибатида етказилган, деб ҳисоблаётган маънавий зарарни ундириш юзасидан ҳам судлашмоқда. Унинг сўзларига кўра, мазкур иш айни пайтда ёпиқ суд мажлисларида кўрилмоқда ва жавобгар томон ўз ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмаганини билдирган.
«Бош прокурорнинг ўзи мурожаатларимга жавоб бермаса, мен дардимни кимга айтаман?.. Менга қачон жавоб берасиз, жаноб Бош прокурор!» — деб ёзди Ташанов.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг