Президент фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бирлаштирилиб, ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилди.

Расмий изоҳга кўра, ислоҳотдан мақсад мактабгача таълимдан бошлаб олий таълим ва илм-фангача бўлган тизимни бир-бирига боғлаш, таълим сифатини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришдир. Янги вазирлик бутун таълим занжири учун ягона бошқарув марказига айланади.

Лекин нега икки катта вазирликни бирлаштиришга эҳтиёж туғилди?

Асосий муаммолардан бири шу эдики, таълимнинг турли босқичлари амалда бир-бирига боғлиқ бўлса-да, уларни бошқариш турли идоралар қўлида эди.

Масалан, мактабга ўқитувчини олийгоҳ тайёрлайди. Лекин мактаблар бир вазирликка, педагогика олийгоҳлари эса бошқа тизимга қарарди. Мактабда қандай ўқитувчи кераклигини бир вазирлик белгиласа, уни тайёрлаш сиёсати бошқа вазирликда шаклланарди.

2 октябрда қабул қилинган қарор билан 14 та педагогика олийгоҳи ва яна 3 та олий таълим муассасаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимига ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Шу билан педагог кадрларни тайёрлаш бўйича сиёсатни бир марказдан юритишга замин яратилди. Орадан бир кун ўтиб эса икки вазирликнинг ўзи бирлаштирилди.

Бу қарорнинг айнан ҳозир қабул қилингани ҳам муҳим.

Сўнгги йилларда давлатнинг асосий эътибори таълим қамровини кенгайтиришга қаратилди. Янги боғчалар, мактаблар ва олийгоҳлар очилди. Президентнинг 30 сентябрдаги маълумотига кўра, кейинги ўн йилда 1,8 миллион ўринли боғча ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилган, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси модернизация қилинган. Энди эса асосий масала бинолар сони эмас, таълим мазмуни ва сифати экани очиқ айтилмоқда.

Демак, ислоҳотнинг янги босқичи бошланяпти: бола боғчага кирганидан тортиб, мактабни битириши, университетга кириши, мутахассис бўлиши ва илм билан шуғулланишигача бўлган жараён битта занжир сифатида қаралмоқда.

Бунга иқтисодиётдаги ўзгаришлар ҳам босим қиляпти. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва янги саноат соҳалари учун бошқача билим ва кўникмалар талаб қилинмоқда. Шу сабаб мактаб дастури, университетдаги мутахассислик ва илмий тадқиқотлар бир-биридан узилиб қолиши мумкин эмас. Олий таълим ва илм-фан тизимида таълим, тадқиқот ва иқтисодиёт ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш вазифаси ҳам шу йил апрелида алоҳида муҳокама қилинган эди.

Бирлаштиришнинг яна бир мақсади — жавобгарликни аниқлаш. Илгари натижа паст бўлса, муаммо мактабдами, ўқитувчи тайёрлаган университетдами ёки таълим дастуридами, деган савол пайдо бўларди. Энди бу йўналишларнинг катта қисми битта вазирлик зиммасига тушади.

Бироқ катта вазирликнинг хавфи ҳам бор. Боғчадан тортиб университет ва илм-фангача бўлган улкан тизимни бир марказдан бошқариш ортиқча бюрократияга олиб келиши мумкин. Агар фақат идора номи ва тузилма ўзгарса, натижа чекланган бўлади.

Шунинг учун бу ислоҳотнинг ҳақиқий самараси вазирликлар бирлашгани билан эмас, мактабдаги таълим сифати, ўқитувчи тайёрлаш даражаси, олийгоҳ битирувчисининг малакаси ва илм-фаннинг иқтисодиётга берган натижаси билан ўлчанади.