Бухоро давлат педагогика институтида талабалар ва магистрантлар қуёш остида узоқ вақт тик туриб, тадбирни кузатишга мажбур қилиндилар.

Бунақа энсақотар тадбирларга талабалар тадбирда ўз хоҳиши билан эмас, мажбурий тартибда иштирок этишини ҳамма билади. Университет маъмурияти кўзини лўқ қилиб «Затў, пахтага чиқаришмаяпти-ку», деган важ келтирган.

Талабаларни пахта теримига жалб қилмаслик қачондан бери уларга кўрсатилаётган алоҳида имтиёзга айланди?

Олий таълим муассасасининг асосий вазифаси талабага сифатли билим беришми ёки оммавий тадбирларда одам сонини кўпайтиришми?

Талаба ва магистрантларнинг вақти, саломатлиги ва шахсий танловини ҳурмат қилиш ҳам таълим маданиятининг ажралмас қисмидир. Пахта теримига мажбурламаслик бошқа тадбирларда мажбурий иштирокни оқламайди.

Ҳеч бўлмаса соя-салқин шароит қилиб берилмайдими? Талабалар қачонгача ректоратнинг пиари ва ҳисоботи учун фон бўлиши керак?

Янги вазирга тавсия: шу ва шу каби маънавий тадбирлар, учрашувлар талабалар учун мутлақо қизиқмас. Ўлганнинг кунидан, дарсдан қочиш учун массовка бўлиб ўтиришади. Шундай экан ҳар ташкилот ўз ишини қилсин — томошани театр кўрсатсин, ўқитишни университет қилсин. Бу кринж томошалар талабаларнинг вақтини, ўқитувчиларнинг нақдини олади.