Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди Taftish.uz нашрига алоқадор шахслар ва Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ ходимларига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлагани хабар қилинди. Элтузарда мавжуд маълумотга кўра, Ғайрат Абераев 10 йилу 6 ойга, журналист Маржона Эшқувватова 4 йилу 1 ойга ҳукм қилинган. Таҳририятнинг яна икки вакили ҳамда ДХХнинг собиқ ходимларига 10 йилдан ортиқ муддатли жазолар белгилангани айтилмоқда.

Суд ёпиқ ўтгани хабар қилинган. Ҳукм матни очиқ эълон қилинмагани боис ҳар бир судланувчи қайси айблов бўйича айбдор деб топилгани, ДХХ ходимларига қандай ҳаракатлар қўйилгани ва уларнинг Taftish.uz фаолиятидаги роли ҳақида ҳозирча аниқ хулоса чиқариб бўлмайди.

Иш 2026 йил 16 январда Абераев, Эшқувватова, Азизжон Йўлдошев, Дилшод Нишонов ва Сардор Ҳамидов ушланганидан кейин бошланган. Ички ишлар органлари дастлаб уларни нашр материалларини тарқатиш ёки ўчириш билан боғлиқ ҳолатларда товламачилик ва фирибгарлик содир этганликда гумон қилганини билдирган эди. Ўша пайтдаги расмий хабарларда ДХХ ходимларининг ишга алоқаси тилга олинмаган.

Элтузар 5 августда эълон қилган материалида ишга тўрт нафар ДХХ ходими ҳам жалб этилгани ҳақида ёзган эди. Нашрнинг ишдан хабардор манбалари Taftish.uz фаолияти махсус хизматдаги айрим шахслар билан мувофиқлаштирилган бўлиши мумкинлигини даъво қилган. Улар, шунингдек, Абераевнинг телефонида ДХХнинг матбуот йўналишига масъули Шерзод Нажмиддинов билан суҳбатлар бўлганини билдирган.

Суд Taftish.uz ва ДХХ ходимлари ўртасида қандай алоқани аниқлаган? Элтузарнинг августдаги материалида сайт мустақил ҳаракат қилгани, айрим амалдорлар томонидан ҳимоя қилингани ёки уларнинг топшириғи билан ишлагани ҳақида турли эҳтимоллар кўриб чиқилган эди. Очиқ маълумотлар улардан бирортасини тасдиқлаш учун етарли эмас.