СУРХОНДАРЁДА ТЎРТ ҲОКИМНИНГ КУРСИСИ ЛИҚҚИЛЛАБ ҚОЛДИ
Сурхондарёнинг Музработ, Қизириқ, Денов ва Бандихон туманлари ҳокимлари саноат ва экспортдаги қониқарсиз натижалар ортидан лавозимидан кетиши мумкин. Президент Мирзиёев уларнинг ўз лавозимларига муносиблигини қайта кўриб чиқишни буюрган.
Сурхондарё вилоятининг Музработ, Қизириқ, Денов ва Бандихон туманлари ҳокимлари саноат ва экспорт кўрсаткичларидаги қониқарсиз натижалар ортидан лавозимидан айрилиши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазирга мазкур раҳбарларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.
Бироқ Элтузарга “тезкор хабар” сифатида келиб тушган ушбу маълумот аслида янги эмас. Топшириқ 2026 йил 21 июль куни иқтисодиётнинг биринчи ярим йиллик натижалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида берилган. Ўша йиғилишда фақат Сурхондарёдаги тўрт ҳоким эмас, республика бўйича жами 17 нафар туман ва шаҳар ҳокимининг лавозимига лойиқлигини ўша куниёқ кўриб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
Сурхондарёда Музработ ва Қизириқ туманларида саноат ўсиши белгиланган прогноздан паст бўлган. Денов ва Бандихонда эса экспорт ҳажмини ошириш бўйича ишлар суст кетгани танқид қилинган. Рўйхатни ҳудудлар бўйича таққослаганда, лавозими сўроқ остига қўйилган раҳбарлар сони энг кўп айнан Сурхондарё вилоятига тўғри келгани кўринади.
Гап ҳозирда Музработ туманига раҳбарлик қилаётган Абдулла Маматқулов, Қизириқ тумани ҳокими Шерхон Алламуротов, Денов тумани ҳокими Анвар Нормаматов ва Бандихон тумани ҳокими Абдумалик Алламуродов ҳақида кетмоқда. 7 август ҳолатига туман ҳокимликларининг расмий раҳбарият саҳифаларида улар ҳали ҳам амалдаги ҳоким сифатида кўрсатилган. Демак, уларнинг ишдан олингани ёки лавозими ўзгартирилгани ҳақида ҳозирча расмий қарор эълон қилинмаган.
Президент йиғилишида мамлакат бўйича саноат ва экспорт кўрсаткичлари ҳудудма-ҳудуд таҳлил қилинган. Янгиобод туманида саноат ўсиши прогноз қилинган 5,7 фоиз ўрнига атиги 1,8 фоизни ташкил этган. Ғозғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам саноат ўсиш суръати тушиб кетгани қайд этилган.
Айниқса, Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқулов атрофидаги вазият аллақачон кескинлашган эди. Июнь ойида фермерларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилгани тасдиқланганидан кейин унга ҳайфсан интизомий жазоси берилган. Энди саноат кўрсаткичларининг пасайиши унинг лавозимига нисбатан иккинчи жиддий саволни юзага келтирмоқда.
Топшириқ берилганига икки ҳафтадан ошган бўлса-да, унинг натижаси жамоатчиликка очиқланмаган. Сурхондарёдаги тўрт ҳоким лавозимида қоладими, ҳайфсан билан қутуладими ёки курсисини бўшатадими – бу ҳақда ҳозирча расмий жавоб йўқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг