СУРХОНДАРЁДА ҚУРУВЧИ ТАДБИРКОРЛАР ҚАМОҚ ЖАЗОСИ БИЛАН ҚЎРҚИТИЛМОҚДА
Сурхондарёда Президент қарори асосида қурилиш олиб бораётган пудратчи ташкилотлар дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбурланаётgani, муддатга улгурилмаса ички ишлар ёки тергов билан қўрқитилаётgani ҳақида мурожаат келди.
Айни дамда Сурхондарё вилоятида қурилиш ишларини амалга ошираётган пудратчи ташкилотлар ҳамда тадбиркорларга нисбатан маъмурий босим кучайган.
Элтузарга йўлланган мурожаат муаллифига кўра, Президентнинг ПҚ–141-сон қарори асосида амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларида иштирок этаётган пудратчилар дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбурланади. Манбанинг таъкидлашича, айрим раҳбарларга «иш белгиланган муддатда тугамаса, ички ишлар ёки тергов орқали жавобгарликка тортиласиз», деган мазмунда огоҳлантиришлар беряпти.
«Бу ўйловсиз раҳбарлар дастидан пичоқ бориб суякка тақаляпти. Қурилиш учун маблағ ўз вақтида ажратилмайди. Лекин ишни кечиктиришга ҳаққинг йўқ. Акс ҳолда таҳдид бошланади», — дейилади мурожаатда.
Вилоятдаги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жиддий муаммолар бор. Айрим пахта майдонлари ҳосил бермагани учун бузиб ташланмоқда, ғалла режасини бажариш эса бозордан буғдой сотиб олиш билан таъминяпти.
«Вилоят раҳбарининг ҳудудларга ташрифи олдидан барча куч «тайёргарлик»ка сафарбар қилинади. Ходимлардан асосий ишини бажаришдан кўра, ташрифга тайёргарлик кўриш талаб этилади. Раҳбариятнинг ҳақоратлари куракда турмайди.»
Бундай босим ва буйруқбозлик инвестиция муҳитини асло яхшиламайди. Ишбилармонларнинг давлат идораларига бўлган ишончи поймол бўляпти. Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда бошқа ваколатли идоралардан Сурхондарёдаги ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришни сўраймиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг