Сурхондарёда 200 дан ортиқ дарахтни ўзбошимчалик билан кесган собиқ амалдорга суд ҳукми ўқилди. Табиатга етказилган зарар эса икки миллиард сўмдан ошмоқда.

Маълумотларга кўра, Термиз шаҳар қурилиш бўлимининг собиқ бошлиғи ва компания раҳбари ўзаро тил бириктирган. Эркаклар Термиз шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги дарахтларни кўчириб ўтказишга келишиб олган.

Томонлар 20 млн сўмлик шартномани расмийлаштирган. Кейинроқ вилоят Экология бошқармаси ва Миллий гвардия ходимлари томонидан хатлов ўтказилиб, дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича мурожаат рад этилган.

Шунга қарамай, ҳуқуқбузарлар қурилиш майдонида 61 туп Элдор қарағайи, 36 туп Виржиния арчаси, 101 туп Шарқ биотаси, 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахтини ўзбошимчалик билан кесиб ташлаган.

Натижада уларнинг хатти-ҳаракатлари оқибатида табиатга 2 млрд 69,4 млн сўм зарар етказилган. Апелляция инстансиясида Термиз қурилиш бўлимининг собиқ бошлиғи ўзининг айбсизлигини айтган.

Эркак кесиш учун рухсатнома олинган деб ҳисоблаганини айтган, шунингдек, у қурилиш ташкилотига фақат “ёрдам кўрсатганини” таъкидлаган.

Суд ҳайъати иш бўйича тўпланган далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва экспертиза хулосаларини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, собиқ амалдорни Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинларга, ўрмонларга, дарахтларга ёки бошқа ўсимликларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) билан айбдор деб топди ва унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Шу билан бирга, дастлабки қамоқ муддати ҳисобга олиниб, якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кунни ташкил этмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 120 дан ортиқ дарахт ноқонуний кесгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мутахассислар табиатга етказилган зарар бир миллиард сўмдан ошганини аниқлаган.