СУРХОНДАРЁДА 11 ЁШЛИ ЎҒЛИНИ 40 МИЛЛИОН СЎМГА СОТИШГА УРИНГАН АЁЛ ҚАМАЛДИ
Сурхондарёда 11 ёшли ўғлини 40 млн сўмга бошқа шахсга беришга уринган аёлга одам савдоси айби қўйилди ва суд томонидан 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Боланинг кейинги васийлиги давлат идоралари зиммасига юклатилди.
Сурхондарё вилоятида 11 ёшли ўғлини 40 миллион сўм эвазига бошқа шахсга беришга уринган аёл суд ҳукми билан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Суд ҳужжатларига кўра, айбланувчи ўзига таниш аёл билан 2014 йилда туғилган ўғлини 40 миллион сўмга бериш бўйича келишувга эришган. Пулнинг 20 миллион сўмини олдиндан, қолган қисмини эса бола харидор номига расмийлаштирилганидан кейин тўлаш режалаштирилган.
Болани олиши керак бўлган аёл бу таклиф қонунга зид эканини англаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Шундан сўнг пулни топшириш жараёни назорат остида ўтказилган.
2026 йил 4 апрель куни Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази яқинида ташкил этилган тезкор тадбирда айбланувчи олдиндан келишилган 20 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Судда аёл айбига иқрор бўлиб, қилмишини оғир моддий аҳвол, қарздорлик, доимий уй-жойи йўқлиги ва оилавий муаммолар билан изоҳлаган. У ўзи яратиб бера олмаган шароитни фарзанди бошқа оилада топишига умид қилганини айтган.
Суд айбланувчини Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «б» банди — вояга етмаган шахсга нисбатан одам савдоси содир этганликда айбли деб топган. Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, унга 3 йил 6 ойлик қамоқ жазоси тайинланган.
Шунингдек, 11 ёшли боланинг кейинги васийлигини белгилаш масаласи ваколатли давлат идоралари зиммасига юклатилган.
Ижтимоий тармоқларда маҳкума аввал ҳам янги туғилган қизалоғини сотгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бироқ очиқ манбалардаги мавжуд маълумотлар бу икки ҳодиса айнан бир аёлга тааллуқли эканини ҳозирча ишончли тасдиқламайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг