Сурхондарё вилояти прокурори, ИИБ бошлиғи ва уларнинг ўринбосарлари аҳоли билан қабул кунларини мунтазам эълон қилиб боради. Сайёр қабуллар ўтказилганда ҳам бу ҳақда ижтимоий тармоқларда олдиндан ахборот берилади. Лекин нега суд тизимида ҳам худди шундай очиқ мулоқот амалиёти кенг йўлга қўйилмаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги фармони билан Сурхондарё вилояти суди раиси лавозимига Толиб Сайдуллаевич Байзаков тайинланган. Шундан буён вилоят туманларида аҳоли билан сайёр қабуллар ўтказилгани ҳақида очиқ маълумотлар деярли учрамаяпти.

Албатта, суд раиси суд биносида фуқароларни қабул қилаётгани аниқ. Бироқ судга боришнинг ўзиёқ кўпчилик учун руҳий тўсиқ ҳисобланади. Одамлар суд биносини жазо билан боғлиқ идора сифатида қабул қилиши ҳам сир эмас.
Аҳоли билан маҳаллаларда, туманларда очиқ мулоқотлар ўтказилса, суд тизимига нисбатан ишонч ортармиди? Фуқаролар ўз муаммоларини эркинроқ баён қила олармиди?

Суд ҳокимиятининг асосий вазифаси адолатни таъминлашдир. Бундаги самарадорлик суднинг халқ учун очиқлиги ва мулоқотга тайёрлиги билан ҳам баҳоланади.

Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти суди раҳбариятидан қуйидаги саволларга расмий муносабат билдирилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Нега суд раиси тайинланганидан буён туманларда сайёр қабуллар ташкил этилмади?

Вилоят аҳолиси билан очиқ учрашувлар ўтказиш режалаштирилганми?


Суд тизимига нисбатан ишончни ошириш учун қандай чоралар кўрилмоқда?