ҚОР КЎЧКИСИДАН ЗАРАР КЎРГАН СУРХОНДАРЁ АҲЛИ ДАВЛАТДАН ЁРДАМ КУТИБ ЧАРЧАДИ
Хонжиза тумани Хўжаасмин қишлоғида февралдаги қор кўчкиси оқибатлари ҳалигача бартараф этилмаган. Электр тармоғи шикастланган, кучланиш паст, техника ишламайди, аҳоли эса ваъда қилинган ёрдам ва инфратузилма ишларини кутиб чарчаган.
Сурхондарё вилояти Хонжиза тумани Хўжаасмин қишлоғи қиш мавсумида қор кўчкиси оқибатида жиддий талофат кўрди. Февралдаги табиий офат оқибатлари мана ёз чилласи кирганда ҳам бартараф этилмади.
Табиий офат оқибатида қишлоқ трансформаторига келувчи электр узатиш линиясидаги симлар ва ёғоч устунлар ҳам шикастланган.
Фуқароларнинг таъкидлашича, аварияни тўлиқ бартараф этиш ўрнига қишлоқ бошқа трансформаторга уланди. Ҳозир бу трансформатор ортиқча юклама билан ишлаяпти.
Электр кучланиши пасайиб, аҳоли хонадонларидаги маиший техника, хусусан, «Buran» туридаги қишлоқ хўжалиги ускуналари ишламаяпти.
Табиий офатдан кейин аҳолига ҳеч қандай молиявий ёрдам ҳам кўрсатилмади. Яхшиям АҚШдек торнадолар исканжасида яшамаймиз. Акс ҳолда талофатлардан ўнгланолмай давлатдан ёрдам ололмай уқубат гирдобида қолардик.
2025 йилдаги Президентнинг 335-сонли қарори асосида мазкур ҳудуд оғир ҳудудлар рўйхатига киритилиб, 5,5 километр электр узатиш линиясини қуриш учун маблағ ажратилган эди. Бироқ лойиҳа тўлиқ бажарилмади, ишлар бажарилди дея расмийлаштирилди.
Ушбу қарор доирасида қишлоқ ички йўлларини асфальтлаш ҳам режалаштирилган эди, аммо амалда бу ишлар ҳам бажарилмади. Сурхондарё вилоятида Президентнинг махсус қарорлари ҳам назарга илинмайдими?
Йўқса нега ижро ўлда-жўлда?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг