«Ўзагроинспекция»нинг Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги ерларини назорат қилиш бўлими собиқ бошлиғи Т.А.га нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ўтган шанба куни қамоққа олинган Т.А иши юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, Т.А. Ангор туманида яшовчи фуқаронинг ноқонуний қурилиши мавжуд бўлган ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига пул олганликда гумонланмоқда. Ушбу ҳолат «Ўзкосмос» агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида аниқланган ноқонуний қурилишлар юзасидан ўрганишлар давомида фош этилган.

Айни пайтда прокуратура органлари томонидан жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бош прокуратурада назорат инспекциялари фаолияти, маиший коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинган эди. Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолияти танқидий кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, «Ўзкосмос» агентлиги томонидан республика бўйича қишлоқ хўжалиги ерларида ўзбошимчалик билан қурилган эҳтимолий объектлар ҳақида маълумотлар тақдим этилган. Шу асосда жойларда тезкор ўрганишлар ўтказиш, етказилган зарарни ҳисоблаш, маъмурий баённомалар расмийлаштириш ҳамда материалларни ваколатли органларга юбориш топшириғи берилган.

Бироқ ушбу жараёнларда айрим масъул ходимлар томонидан ваколатлар суиистеъмол қилингани айтилмоқда. Т.А. билан боғлиқ ҳолат «Ўзагроинспекция» тизимидаги коррупция хавфларига яна бир мисол сифатида кўрилмоқда.

Мутасаддилар ноқонуний қурилишлар бўйича тайёрланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан атрофлича ўрганилиши зарурлигини таъкидламоқда.