Элтузар таҳририятига йўлланган мурожаатда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги котибият мудири Зафар Жумаев ходимларга ноқонуний оғзаки топшириқлар бериб, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани иддао қилинди.

Мурожаат муаллифига кўра, Зафар Жумаев Бўриевич мажмуадаги тегишли ташкилотлар ходимларига хизмат вазифаларига алоқадор бўлмаган ишлар бўйича топшириқ берган. Ушбу ҳолат бир марталик эмас, балки доимий ва сурункали тарзда давом этиб келаётгани айтилмоқда.

Мурожаатчи ўз гапларининг исботи сифатида Зафар Жумаевнинг топшириқ бераётган аудиосини ҳам йўллаган.

Мурожаатчи бу ҳолат бир марталик эмас, сурункали давом этаётганини айтмоқда. Масъул идоралар бунга ҳуқуқий баҳо берадими?

Мурожаатда Меҳнат инспекциясидан мазкур ҳолатни ўрганиш, ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда масъулларга нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.

Элтузар ушбу иддаолар юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Меҳнат инспекцияси ҳамда номи тилга олинган масъулнинг муносабатини беришга тайёр.