ОВСАР МАНСАБДОРДАН СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ДУРУСТ
Мақолада сунъий интеллектнинг давлат идоралари ва суд тизимида ҳужжат айланмаси, мурожаатларни саралаш ва қарорлар лойиҳасини тайёрлашда қай тарзда қўлланиши ҳамда ўрта бўғин мансабдорлар лавозимларига таъсири таҳлил қилинади.
Рассомлар, ёзувчилар, дизайнерлар, ОАКдан илмий даража дипломини оволган олиму-фузалоларнинг аксари сунъий интеллектни хушламайди. СИ чизган расм – китч, СИ ёзган матн – мантиқсиз сафсата дея ишонади улар. Майли, шундай ҳам дейлик. Лекин телевизор, интернет, электромошин каби сунъий интеллектни ҳам ўз ўрнида зўр ишлатиш мумкин.
Сунъий бир неча сонияда минглаб ҳужжатларни таҳлил қилиши, қонун нормаларини топиши, маълумотларни таққослаши ва хатоларни аниқлаши мумкин. Унинг қариндоши, қорни, нафси йўқ. Миллионлаб ойликсиз ишлайверади.
Мансабдорнинг кайфияти, таниши, шахсий манфаати ёки кимнингдир босими қарорга таъсир қилиши тайин. Сунъий интеллект тўғри ишлаб чиқилган ва холис маълумотлар билан таъминланган тақдирда, ҳар бир мурожаатни бир хил мезонлар асосида кўриб чиқаверади.
Масалан, давлат органига юзлаб мурожаат келди. Сунъий интеллект уларни саралайди, қайси мурожаатлар кечиктирилганини аниқлайди, қайси ҳолатларда қонун талаблари бузилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Ҳатто бир хил вазиятларда турли мансабдорлар турлича қарор қабул қилганини ҳам аниқлаши осон. Бундай тизим мансабдорга: «Сиз бу қарорни нима асосда қабул қилдингиз?» деган саволни автоматик равишда қўя олади.
Бу борада сунъий интеллектнинг ўзи нима дейди?
2026–2027: СИ асосан ходимларнинг ёрдамчиси бўлади. Ҳужжат тайёрлаш, маълумот қидириш, таҳлил ва мурожаатларни саралаш автоматлашади.
2028–2030: айрим маъмурий лавозимларга эҳтиёж сезиларли камаяди. Бир ходим СИ ёрдамида илгариги 2–3 ходим бажарган ишни бажара олиши мумкин.
2030–2035: энг катта ўзгариш ўрта бўғин маъмурий лавозимларда бўлиши мумкин. Яъни лавозимлар тўғридан-тўғри йўқолишидан кўра, штатлар бирлаштирилади ва янги ходим олиш камаяди.
Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект келажакда айрим мансабдорларнинг ўрнини эгаллайди. Бу жараён бир кунда содир бўлмайди. Аввало ҳужжат тайёрлаш, маълумот қидириш, мурожаатларни саралаш, ҳисобот тузиш каби вазифалар автоматлашади. Кейин эса бир вақтлар бир неча ходим бажарган ишни битта ходим СИ ёрдамида бажара бошлайди. Натижада айрим маъмурий лавозимларга эҳтиёж камаяди.
Суд тизимида ҳам худди шундай жараён кузатилиши мумкин: СИ иш материалларини таҳлил қилади, қонун нормаларини топади, ўхшаш ишларни таққослайди ва қарор лойиҳаларини тайёрлайди. Инсон эса назорат ва якуний қарор босқичида қолади. Аммо стандарт ва техник вазифаларда инсон иштироки тобора қисқариши мумкин.
Шунинг учун келажакда мансабдорнинг лавозимини дипломи, таниш-билиши ёки мансаби эмас, унинг СИдан яхшироқ натижа кўрсата олиши ҳимоя қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг