СУДДА ЮТГАН ФЕРМЕР ЕРИНИ ҲАНУЗ РАСМИЙЛАШТИРА ОЛМАЯПТИ
Kонимехдаги «Jahonsoy-Subxon-Safar» фермер хўжалиги судда ер бўйича баҳсни ютиб, Қ-577-сон қарорнинг ўзларига тегишли қисми ҳақиқий эмаслигини исботлади. Бироқ Қ-647-сон қарор бекор қилинмагани учун 762,7 гектар ер ҳуқуқи ҳануз UZKAD тизимида расмийлашмай турибди.
Навоий вилоятининг Конимех туманида фаолият юритувчи «Jahonsoy-Subxon-Safar» фермер хўжалиги Бош прокуратура ва Навоий вилояти прокуратурасига мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2020 йилда қабул қилинган қарорларидан бири юзасидан прокурор протести киритишни сўради. Фермер хўжалигига кўра, суд уларнинг фойдасига қарор чиқарган бўлса-да, амалда ер ҳуқуқини тўлиқ тиклаш имкони бўлмаяпти.
Мурожаатда қайд этилишича, фермер хўжалигига 2017 йилда Конимех тумани ҳокимининг Қ-534-сон қарори билан чорвачилик учун 762,7 гектар ер майдони 49 йил муддатга ижара асосида ажратилган. Бу асосда томонлар ўртасида ер ижараси шартномаси ҳам тузилган. Кейинчалик эса 2020 йил 21 октябрдаги Қ-577-сон қарор билан мазкур ерлар туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган. Бу ҳолат юзасидан судга мурожаат қилинган ва 2021 йил 15 июлдаги маъмурий суд қарори билан Қ-577-сон қарорнинг фермер хўжалигига тегишли қисми ҳақиқий эмас деб топилган. Ҳужжатларга кўра, ушбу суд қарори қонуний кучга кирган.
Бироқ фермернинг таъкидлашича, суд қарори чиқишидан олдин, 2020 йил 10 декабрда қабул қилинган Қ-647-сон қарор билан улар фойдаланиб келган ер майдонлари ўша пайтдаги Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигига ўтказилган. Хўжалик фикрича, айнан шу қарор ҳозиргача бекор қилинмагани сабабли ер майдонларини UZKAD ахборот тизимига киритиш имкони бўлмаяпти ва бу ерга бўлган ижара ҳуқуқининг тўлиқ амалга ошишига тўсқинлик қилмоқда.
Мурожаат муаллифлари Конституциянинг 138-моддасига таяниб, қонуний кучга кирган суд қарорлари барча давлат органлари ва мансабдор шахслар учун мажбурий эканини эслатган. Шунингдек, уларнинг фикрича, суд ҳақиқий эмас деб топган Қ-577-сон қарорга асосланган кейинги маъмурий ҳужжатлар ҳам ҳуқуқий кучини йўқотган деб баҳоланиши керак.
Шу муносабат билан фермер хўжалиги прокуратурадан Қ-647-сон қарорнинг ўзларига тегишли 762,7 гектар ер майдонига оид қисми қонунийлигини текшириш, мазкур қарор юзасидан прокурор протести киритиш, унинг тегишли қисмини бекор қилиш, суд қарорининг тўлиқ ижросини таъминлаш ҳамда қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Ҳужжатлар ичидаги 2026 йил май ойидаги UZKAD тизимига оид рад этиш хабарида ҳам фермер хўжалигининг кадастр расмийлаштириш жараёнида қўмита балансидаги ерлар билан боғлиқ маълумотлар сабабли ариза рад этилгани кўрсатилган.
Айни пайтда Бош прокуратура ва бошқа мутасадди идоралар мазкур мурожаат юзасидан қандай қарор қабул қилиши маълум эмас. Элтузар мавзу юзасидан расмий идоралар муносабатини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг