Суданда қуролли тўқнашувлар кучайиши оқибатида Кардофан минтақасида 2025 йил охиридан буён 200 мингдан ортиқ киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (IOM) маълум қилди.

Минтақадаги вазият оғирлашмоқда. Шаҳарда сув ва электр таъминоти каби ҳаётий муҳим инфратузилма объектлари дрон ҳужумларига учраяпти. БМТ маълумотларига кўра, дрон зарбалари сув иншоотларига зарар етказиб, аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини янада чеклаган.

Эль-Обейдга сўнгги ҳафталарда бошқа ҳудудлардаги жанжаллардан қочган минглаб одамлар келди. Бу оқим шундоғам танқис бўлган сув, озиқ-овқат, ёқилғи ва тиббий хизматларга бўлган босимни кучайтирмоқда. БМТ маълумотларига кўра, шаҳар ва унинг атрофида қарийб 600 минг киши гуманитар ёрдамга муҳтож.

Кардофандаги инқироз Суданда 2023 йил апрелида бошланган урушнинг яна бир оғир оқибати бўлди. Судан Қуролли кучлари ва Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (RSF) ўртасидаги жанглар миллионлаб одамларни уй-жойини тарк этишга мажбур қилди.

БМТ томонларни тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишга, гуманитар ёрдамнинг хавфсиз ва тўсиқсиз етиб боришини таъминлашга чорлаяпти.