Associated Pressагентлиги ўтказган махсус журналистик тергов Суданда давом этаётган фуқаролик урушида болалар мажбуран қуролли тўқнашувларга жалб қилинаётганини ошкор қилди.

Терговда иштирок этган ёш бола-жангариларнинг сўзларига кўра, улар зўрлик билан ёлланган, ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган ва жанг майдонларига юборилган. Улар машғулотлар давомида шафқатсиз муносабат, жисмоний жазо ва руҳий босимга дуч келганини таъкидлашмоқда.

Можарода Колумбиядан келган ёлланма жангарилар ҳам иштирок этяпти. Демак, Судандаги уруш ташқи кучлар ҳам аралашаётган халқаро инқирозга айланган.

Уруш нима сабабдан бошланган?

Судандаги фуқаролик уруши 2023 йил апрелида икки энг қудратли ҳарбий тузилманинг ҳокимият учун курашидан бошланган.
Бир томонда мамлакатнинг расмий армияси — Судан Қуролли Кучлари (SAF) бўлиб, унга генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурҳон қўмондонлик қилади.

Иккинчи томонда эса илгари ҳукумат таркибида фаолият юритган, кейинчалик мустақил ҳарбий кучга айланган Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (RSF) жойлашган. Унга Муҳаммад Ҳамдон раҳбарлик қилади.

2021 йилда икки томон биргаликда фуқаролик ҳукуматига қарши ҳарбий тўнтариш ўтказган эди. Аммо кейинчалик RSFни армия таркибига қўшиш, мамлакатни ким бошқариши ва иқтисодий ресурслар устидан назорат масаласида келишмовчилик келиб чиқди. Бу низо ортидан 2023 йил апрелида очиқ қуролли тўқнашувлар бошланди.

Аянчли оқибатлар

Уч йилдан зиёд давом этаётган уруш мамлакатни оғир гуманитар инқирозга олиб келди. Ўн минглаб одам ҳалок бўлди, миллионлаб аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. БМТ маълумотларига кўра, Судандан дунёдаги энг йирик қочоқлар оқими келиб чиқяпти.

Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахсларни қуролли можароларда иштирок этишга мажбурлаш ёки улардан жангарилар сифатида фойдаланиш ҳарбий жиноят ҳисобланади. Айни дамда инсон ҳуқуқларини ҳимояловчи ташкилотла Суданда болаларни жангларга жалб қилиш, тинч аҳолига ҳужумлар ва ташқи ёлланма жангарилар иштирокини мустақил равишда тергов қилишга чақирмоқда.