Суд “NIKA PHARM” МЧЖнинг Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси қарори ва кўрсатмаси устидан берган шикоятини қаноатлантирмади. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қўмита маълумотига кўра, аввалроқ “NIKA PHARM” фаолияти ўрганилиб, компаниянинг Instagram саҳифасида “Реноксил Формула” дори воситасига оид реклама материаллари жойлаштирилгани аниқланган.

Идоранинг қайд этишича, мазкур рекламаларда Амир Темур, Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Юлий Цезарь, Жорж Вашингтон ва Наполеон Бонапарт каби тарихий шахсларнинг образларидан дори воситасини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилган.

Шундан сўнг Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси компания ҳаракатларида “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси талаблари бузилган, деган хулосага келиб, тегишли қарор ва кўрсатма қабул қилган.

“NIKA PHARM” МЧЖ ушбу қарордан норози бўлиб судга мурожаат қилган.

Рақобат қўмитаси ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра, суд компаниянинг шикоятини қаноатлантирмаган ва Қўмита Махсус комиссиясининг қарор ҳамда кўрсатмасини ўз кучида қолдирган.

Ҳозирча “NIKA PHARM” МЧЖнинг суд қарорига муносабати очиқланмаган.