ЭКИН ЕРДАГИ НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШГА ҚАЧОН ЧЕК ҚЎЙИЛАДИ?
Сўх тумани Офтобрў маҳалласи аҳолиси экин ер майдони ўртасида ноқонуний қурилган уй ва унга алоқадор мансабдорлар устидан шикоят қилмоқда. Улар мутасаддилар қонунбузарликка кўз юмишаётгани ва жазосизлик тизимли адолатсизликка айланаётганини айтишмоқда.
Ассалому алайкум, Eltuzar канали маъмурияти!
Биз, Сўх тумани Офтобрў МФЙ аҳолиси, сиз орқали яна бир бор жиддий муаммога эътибор қаратишга мажбурмиз. Илгари ҳам мурожаат қилган эдик, аммо амалда ҳеч қандай натижа бўлмагани ҳолатнинг янада оғирлашишига олиб келмоқда.
Маҳалламиз ҳудудида жойлашган экин ер майдонининг ўртасида очиқ-ойдин, ноқонуний равишда уй қуриб битказилди ва яқин кунларда у ерда яшаш бошланиши кутилмоқда. Эътиборлиси, қурилиш учун берилган ҳужжатлар мутлақо бошқа контурга тегишли бўлса-да, амалда бошқа ер эгаллаб олинган.




Бу нима — қонунларни очиқчасига менсимасликми ёки кимгадир “имтиёз” борлигининг исботими?
Аҳоли ўртасида тарқалган маълумотларга кўра, ушбу ҳолат Агроинспекция тизимида ишловчи мансабдор шахс — Атахонов Орифнинг яқинлари билан боғлиқ. Шу сабабли текширувлар ҳам фақат кўзбўямачилик учун ўтказилиб, аниқ қонунбузарликка қарамасдан, масала “бости-бости” қилиниб, ёпилмоқда.
Агар бу рост бўлса, бу оддий қонунбузарлик эмас — бу тизимли адолатсизликдир.
Саволларимиз жуда оддий:
Нега қонун ҳамма учун бир хил ишламайди?
Нега оддий фуқаро қилса — жазо, мансабдорга яқинлар қилса — жимлик?
Нега мутасадди ташкилотлар ўз вазифасини бажармай, қонунбузарликка кўз юммоқда?
Агар бугун бундай ҳолатларга чора кўрилмаса, эртага ҳар ким экин ерларини эгаллаб, ўзбошимчалик билан қурилиш бошлаши табиий ҳолга айланади. Бу эса нафақат тартиб-интизомни, балки қонун устуворлигини ҳам йўққа чиқаради.
Биз қатъий талаб қиламиз:
ноқонуний қурилиш зудлик билан тўхтатилсин;
ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилсин;
айбдор шахслар, ким бўлишидан қатъи назар, жавобгарликка тортилсин.
Акс ҳолда, бу каби ҳолатлар бўйича жамоатчилик назорати ва юқори ташкилотларга мурожаатлар янада кучайтирилишини маълум қиламиз.
Мурожаатимиз жавобсиз қолмаслиги ва амалда чора кўрилишини кутамиз.
Сўх тумани Офтобрў МФЙ аҳолиси номидан
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг