Фарғона вилояти Сўх туманида божхона ходимлари учун қурилаётган қарийб 4 миллиард сўмлик хизмат ётоқхонаси атрофида жиддий саволлар пайдо бўлди. Элтузарга юборилган мурожаат ва ҳужжатларга кўра, Гидрометеорология маркази қурилишда сел йўли ва сув муҳофаза ҳудудидан хавфсиз масофа сақланиши лозимлигини кўрсатган. Аммо мурожаат муаллифи объект катта ариқ — сел йўлидан атиги 8 метр узоқликда қурилаётганини иддао қилмоқда.


Элтузар таҳририятига Фарғона вилояти Сўх туманидаги қурилиш объекти юзасидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда айтилишича, Фарғона вилояти Божхона бошқармаси буюртмаси асосида Сўх тумани Сариканда МФЙ, Чордара кўчасида божхона ходимлари учун хизмат ётоқхонаси қурилмоқда.


Тақдим этилган тендер ҳужжатида мазкур объектнинг бошланғич қиймати ҚҚС билан 3 миллиард 932 миллион 927 минг 071 сўм этиб кўрсатилган. Қурилиш муддати — 180 кун.


Тендер номи: “Фарғона вилояти Сўх тумани Сариканда МФЙ, Чордара кўчасида жойлашган божхона ходимлари учун хизмат ётоқхона биносини қуриш”.


Буюртмачи сифатида “Фарғона вилояти Божхона бошқармаси” давлат муассасаси кўрсатилган.
Гидромет нима деган?


Элтузарга юборилган яна бир ҳужжат — Фарғона вилояти Гидрометеорология марказининг 2025 йил 19 ноябрдаги 325-сонли хатида ушбу ҳудудда қурилиш ишларини олиб боришда сув муҳофаза зоналарига риоя қилиш зарурлиги қайд этилган.


Ҳужжатда Сўх тумани Сариканда МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Гаратисойнинг чап қирғоғидан 50 метр, Сўх дарёсининг ўнг қирғоқ дамбасидан 150 метр муҳофаза зонаси сақланиши мақсадга мувофиқлиги билдирилган.
Шу ҳужжатнинг ўзида Сўх дарёсининг максимал сув сарфи тошқин пайтида 450 м³/с, Гаратисойнинг максимал сув сарфи сел пайтида 80 м³/с бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.


Яъни ҳужжатда гап оддий ариқ ёки оддий сув йўли ҳақида эмас, балки сел ва тошқин хавфи мавжуд ҳудуд ҳақида кетмоқда.


“50 метр дейилган, амалда 8 метр” — мурожаатдаги асосий иддао


Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, мазкур объект катта ариқ ва сел йўлидан камида 50 метр узоқликда қурилиши керак бўлган. Бироқ амалда қурилиш ушбу соҳилдан тахминан 8 метр масофада давом этмоқда.


Агар бу иддао тасдиқланса, гап фақат қурилиш меъёрлари бузилиши ҳақида эмас, балки давлат маблағи хавфли ҳудуддаги объектга сарфланаётгани, келгусида сел ёки тошқин пайтида бинога, унда яшайдиган ходимларга ва атрофдаги аҳолига хавф туғилиши мумкинлиги ҳақида ҳам кетади.


Мурожаат муаллифи шундай савол қўяди: Гидрометеорология хулосаси бўла туриб, намгарчилик ва сел хавфи маълум бўла туриб, қурилиш нега давом эттирилмоқда?


4 миллиард сўмлик савол


Бу ҳолатда бир нечта жиддий савол очиқ қолмоқда:


Биринчидан, Гидрометеорология маркази кўрсатган муҳофаза масофалари лойиҳада инобатга олинганми?


Иккинчидан, объект ҳақиқатан ҳам сел йўли ёки катта ариқдан 8 метр узоқликда қурилаётган бўлса, қурилишга ким рухсат берган?


Учинчидан, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаган ташкилот ва қурилишга масъул идоралар хавфли гидрометеорологик омилларни ҳисобга олганми?


Тўртинчидан, қарийб 4 миллиард сўмлик давлат маблағи кейинчалик сел хавфи остида қолиши мумкин бўлган объектга сарфланаётган бўлса, бунинг учун ким жавоб беради?


Бош прокуратура ва мутасаддилар текшириши керак


Элтузар мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Фарғона вилояти мутасаддиларидан расмий муносабат кутади.


Агар қурилиш ҳақиқатан ҳам сув муҳофаза зонаси ва сел йўли талабларига зид равишда олиб борилаётган бўлса, объект фойдаланишга топширилмасидан олдин ҳолат зудлик билан ўрганилиши шарт.


Чунки сел келгандан кейин “ким айбдор?” деб савол бериш кеч бўлади.


Элтузар таҳририяти ушбу мақолада келтирилган иддаолар ва ҳужжатлар юзасидан мутасаддиларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.